Logo

Президент йил якунигача 230 минг оилани камбағалликдан чиқаришни топширди

Ҳокимларга сентабр-декабр ойларида 350 минг одамни доимий ишга жойлаштириш ва яна 1 миллион аҳолининг даромадини кўпайтириш мажбурияти юкланди.

Президент йил якунигача 230 минг оилани камбағалликдан чиқаришни топширди © president.uz

Президент Шавкат Мирзиёев 3-сентябр куни камбағалликни қисқартириш ва аҳоли даромадларини ошириш масалалари муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказди. Унда ҳудудлардаги ишларни янги босқичга олиб чиқиш вазифалари белгилаб берилди.

Давлат раҳбари вилоят ва туман ҳокимлари штаблар фаолиятини самарали ташкил этиб, мавжуд янги имкониятлардан тўлиқ фойдаланиши шартлигини таъкидлади.

Ҳокимлар сентябр-декабр ойларида 350 минг одамни доимий ишга жойлаштириш ва яна 1 миллион аҳолининг даромадини кўпайтириш мажбуриятини олади.

Йиғилишда йил якунига қадар 230 минг оилани камбағалликдан чиқариш вазифаси ҳам белгиланди. Ҳар бир йўналиш бўйича аниқ механизм ва ҳаракатлар алгоритмини ишлаб чиқиш, маҳалла даражасида масъулларни белгилаш зарурлиги қайд этилди.

Давлат раҳбари Хитой тажрибаси асосида туман ва маҳаллада аҳоли билан бевосита ишлайдиган ходимлар учун аниқ кўрсатмалар ишлаб чиқишни ҳам топширди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ оилавий ва ёшлар тадбиркорлиги бўйича имтиёзли кредит ресурсларини бошқариш ваколати туман штабларига ўтказилиши ҳақида хабар берилганди.

Teglar

Mavzuga oid