add

Қадимий ДНК инсоннинг 100 йил яшаш сирини очди

Bugun 17:553872 daqiqa

Олимлар қадимий овчи-йиғувчилардан мерос бўлиб қолган ДНК айрим европаликлар, айниқса италияликлар орасида узоқ умр кўриш эҳтимолини сезиларли оширишини аниқлади.

Қадимий ДНК инсоннинг 100 йил яшаш сирини очди

Қадимий инсонлардан мерос бўлиб қолган генлар ҳозирги кунда нега айрим одамлар 100 йил ва ундан ортиқ яшашини қисман тушунтириб бериши мумкин. GeroScience журналида эълон қилинган янги тадқиқотга кўра, Италиядаги узоқ умр кўрувчилар геномида ғарбий европалик қадимий овчи-йиғувчиларга хос ДНК улуши аҳолининг ўртача қатламига нисбатан юқорироқ.

Ғарбий европалик овчи-йиғувчилар — охирги музлик даври тугаганидан кейин, тахминан 14 минг йил аввал Карпат тоғларидан Британия оролларигача бўлган ҳудудларда яшаган қадимий инсон гуруҳи ҳисобланади. Улар замонавий европаликлар генофондининг асосий таркибий қисмларидан бирини ташкил қилади.

Олимлар узоқ йиллар давомида инсон умри давомийлигига «яхши» генлар, турмуш тарзи ва атроф-муҳит омиллари таъсир қилишини таъкидлаб келади. Бироқ янги тадқиқот илк бор аниқ бир қадимий генетик манбанинг инсон умрига тўғридан тўғри боғлиқлигини кўрсатиб берди.

Тадқиқот доирасида 100 ёшдан ошган 300 нафар италиялик ҳамда ўртача 50 ёшдаги 700 нафар соғлом инсоннинг геномлари таҳлил қилинди. Уларнинг ДНКси Италия аҳолиси генофондини шакллантирган тўртта қадимий гуруҳ — ғарбий европалик овчи-йиғувчилар, анатолиялик неолит деҳқонлари, бронза асри кўчманчилари ҳамда Эрон ва Кавказ ҳудудларига мансуб қадимий жамоалар билан солиштирилди.

Натижаларга кўра, барча иштирокчиларда ушбу тўрт гуруҳ ДНКси аралаш ҳолда мавжуд бўлган. Аммо фақат ғарбиевропалик овчи-йиғувчиларга хос генлар узоқ умр кўриш билан боғлиқ бўлиб чиқди. Олимларнинг таъкидлашича, ушбу ДНК улуши ҳар бир оз миқдорга ошган сари инсоннинг 100 йил яшаш эҳтимоли 38 фоизга ортиб борган.

Бу таъсир аёлларда айниқса кучли бўлиб, уларнинг 100 ёшга етиш эҳтимоли эркакларга нисбатан икки баробардан ортиқ экани аниқланган.

Олимлар бундай генетик устунликнинг сабабини охирги музлик давридаги оғир яшаш шароитлари билан изоҳлайди. Қадимий овчи-йиғувчилар чекланган озуқа шароитида самарали модда алмашинуви ва кучли иммун тизимини шакллантирган. Ана шу генлар бугунги кунда ҳам инсон организмини қариш стрессларига қарши бардошлироқ қилиши мумкин.

Тадқиқот муаллифлари келгусида ушбу генетик механизмлар инсон саломатлигини яхшилаш ва қариш жараёнларини секинлаштиришда қўлланилиши мумкинлигини қайд этмоқда.

Teglar

Mavzuga oid

Қадимий ДНК инсоннинг 100 йил яшаш сирини очди | Vaqt.uz