Қалбаки ҳужжатлар орқали ҚҚСдан 2 млрд сўм «ишлаганлар» қўлга олинди

Bugun 10:252 daqiqa

20 млрд сўмлик сохта товар айланмаси ҳужжатлари орқали бюджетдан 2 млрд сўм ҚҚСни қайтаришни режалаштирган жиноий гуруҳ қўлга олинди.

Қалбаки ҳужжатлар орқали ҚҚСдан 2 млрд сўм «ишлаганлар» қўлга олинди © DXX matbuot xizmati

Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан Навоий, Тошкент ва Андижон вилоятларида ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилди. Унда яширин иқтисодиётга қарши курашиш доирасида йирик солиқ қочириш схемасига чек қўйилди.

Қалбаки ҳужжат

Тергов маълумотларига кўра, Тошкент вилоятида фаолият юритувчи МЧЖнинг муқаддам судланган ходими Навоий вилоятидаги хусусий корхона иш бошқарувчисининг ишончига кирган. У 2025–2026 йилларда корхона гўёки 20 млрд сўмлик товар айланмасига эга бўлгани ҳақида қалбаки ҳужжатлар тайёрлаб беришни таклиф қилган.

Бунинг эвазига у бюджетдан 2 млрд сўм қўшилган қиймат солиғини қайтариб беришни ваъда қилган ҳамда «хизмат» учун 340 млн сўм талаб қилган.

Маълум бўлишича, схеманинг амалий қисми Андижонда яшовчи якка тартибдаги тадбиркор томонидан бажарилган. У таниш корхоналар ўртасида сохта электрон шартнома тузиб, 18,6 млрд сўмлик қурилиш-монтаж ишлари ва хизматлар кўрсатилгани ҳақида 10 та қалбаки ҳисоб-фактура расмийлаштирган.

Натижада, ушбу сохта ҳужжатлар орқали 2 млрд сўм ҚҚСни қайтаришга эришилган. Кейин эса талаб қилинган маблағни жиноий шериклар орқали олиш вақтида гумонланувчилар қўлга олинган.

Хизмат ҳақи

Аниқланишича, 340 млн сўм маблағ жиноий гуруҳ аъзолари ўртасида тақсимланиши керак бўлган. Ҳозирда тўрт нафар шахсга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари бўйича жиноят иши қўзғатилди.

Тергов доирасида мазкур схемада иштирок этган солиқ идоралари ходимларини аниқлаш бўйича қўшимча суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Teglar

Mavzuga oid