
Қайси хизмат турларига талаб ортаётгани маълум бўлди
2025 йилда Ўзбекистон хизматлар бозорида юқори ўсиш суръатлари қайд этилди. Айрим соҳаларда ўсиш 120 фоиздан ошди.

2025 йилда Ўзбекистон иқтисодиётида хизматлар соҳаси етакчи тармоқлардан бири сифатида шаклланди. Миллий статистика қўмитасига кўра, йил давомида кўрсатилган бозор хизматлари ҳажми 1,05 квадриллион сўмни ташкил этди.
Энг юқори ўсиш
Хизмат турлари орасида энг юқори ўсиш суръати молиявий хизматлар ҳиссасига тўғри келиб, ушбу соҳада ўсиш 124,6 фоизни ташкил этди. Бу банк хизматлари, суғурта ва молиявий воситачилик хизматларига талаб ортиб бораётгани билан изоҳланмоқда.
Рақамлашув ва ижара бозори
Алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари 122,7 фоизга ўсиб, иқтисодиётда рақамлашув жараёнлари жадаллашаётганини кўрсатди. Шу билан бирга, ижара хизматлари 119,1 фоизга ўсиб, бизнес ва аҳоли томонидан ушбу хизматларга талаб юқори бўлганини акс эттирди.
Ижтимоий ва инфратузилма хизматлари
Соғлиқни сақлаш соҳасидаги хизматлар 114,2 фоизга, меъморчилик ва муҳандислик хизматлари эса 113,5 фоизга ўсди. Савдо хизматлари 113,8 фоизни, кўчмас мулк билан боғлиқ хизматлар 113,1 фоизни ташкил этди.
Барқарор ўсиш сақланган соҳалар
Транспорт хизматлари 110,8 фоизга, яшаш ва овқатланиш хизматлари 110,4 фоизга ўсди. Таълим соҳасидаги хизматлар ҳам 110,4 фоизлик ўсишни қайд этди. Шунингдек, компьютер ва маиший товарларни таъмирлаш, шахсий хизматлар ҳам 112,3 фоизга ўсган.
Маълумот учун, 2025 йилда хизматлар соҳасида кичик тадбиркорлик улуши республика бўйича 56,7 фоизга етди. Ҳажм жиҳатидан Тошкент шаҳри етакчи бўлиб, бу ерда 162,6 трлн сўмлик хизматлар кўрсатилди. Фарғона (54,3 трлн сўм), Тошкент вилояти (52,4 трлн сўм) ва Самарқанд вилояти (50,9 трлн сўм) ҳам юқори кўрсаткичларга эга ҳудудлар сифатида қайд этилди.

