Logo

Ўзбекистон Қозоғистон ва Қирғизистон чегараларида ягона назорат тизимини жорий этишни режалаштирмоқда

Bugun 09:012 daqiqa

Ўзбекистон Қозоғистон ва Қирғизистон билан чегарада One Stop тизимини жорий қилмоқчи. Бу борада музокаралар олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Қозоғистон ва Қирғизистон чегараларида ягона назорат тизимини жорий этишни режалаштирмоқда © vaqt.uz

Ўзбекистон Қозоғистон ва Қирғизистон билан айрим чегара божхона постларида ягона назорат («One Stop») тизимини йўлга қўйиш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Бу ҳақда 11 ноябрь куни бўлиб ўтган матбуот анжумани доирасида Божхона қўмитаси бошқарма бошлиғи Фарҳод Олимжонов маълум қилди, дея ёзмоқда «Spot».

Қайд этилишича, ҳозирги кунда айрим чегара божхона постларида мазкур тамойилни жорий этиш вазифаси белгиланган. Бу борада Ташқи ишлар вазирлиги, Транспорт вазирлиги ва Божхона қўмитаси қўшни давлатлар — Қозоғистон ва Қирғизистон вакиллари билан музокаралар ўтказмоқда. Бироқ тизимнинг айнан қайси шакли танланиши ва у қачон ишга туширилиши бўйича ҳозирча якуний қарор қабул қилинмаган.

«One Stop» тизимининг учта шакли

Фарҳод Олимжоновнинг сўзларига кўра, «One Stop» тамойилини жорий этишнинг уч хил кўриниши мавжуд. Биринчи шаклга кўра, икки давлат божхона органлари битта том остида (ягона бинода) фаолият юритади.

Иккинчи шаклда эса улар алоҳида биноларда ишлаб, бири фақат экспорт, иккинчиси эса импорт жараёнларини расмийлаштиришни ўз зиммасига олади.

Учинчи кўриниш эса божхона назорати тамойилларини ўзаро тан олишни назарда тутади. Бунда бир мамлакат божхонаси текширган юкни иккинчи давлат божхоначилари қайта текширмайди. Бу механизм давлатлар ўртасидаги ўзаро ахборот алмашинуви орқали ишлайди.

«Масалан, биздан кетаётган экспортни биз текширган бўлсак, импорт жараёнини қўшни мамлакатимиз, масалан Қозоғистон текширмайди. Ёки уларда текширилган бўлса, бизларда текширилмайди», — дея тушунтириш берган Божхона қўмитаси вакили.

Нашрнинг ёзишича, бу жараён фақат бир томонлама хоҳиш билан ҳал этилмайди.

«Бу битта Ўзбекистоннинг хоҳиши билан ҳал бўладиган масала эмас. Музокаралар орқали айнан қайси шаклда «One Stop» тамойилини ишга туширишни келишиб олишимиз керак», — деган Фарҳод Олимжонов.

Teglar

Mavzuga oid