Қирғизистонда янги ҳайдовчиларга бир йиллик гувоҳнома берилади
Қирғизистонда янги ҳайдовчиларга бир йиллик вақтинча гувоҳнома берилади, қоидаларни бузганлар эса қайта ўқитилади.

Қирғизистонда автомактаб битирувчилари энди доимий ҳайдовчилик гувоҳномасини дарҳол ололмайди. Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасига кўра, уларга аввал бир йил амал қиладиган «вақтинча миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси» берилади. Ҳужжат фақат республика ҳудудида амал қилади.
Ўқув жараёнлари
Лойиҳага мувофиқ, стандарт ўқув жараёни 10 ой давом этади. Бироқ ўқишда юқори натижа кўрсатган ўқувчилар камида тўрт ой таҳсил олгач, имтиҳонларни эрта топшириш ҳуқуқига эга бўлади. Шунга қарамасдан, барча битирувчилар аввал вақтинча гувоҳнома олади.
Асосий шарт — интизом. Агар ҳайдовчи биринчи йил давомида йўл ҳаракати қоидаларини уч марта ёки ундан ортиқ бузса ёки йўл-транспорт ҳодисасига сабабчи бўлса, унинг вақтинча гувоҳномаси бекор қилинади. Бундай ҳолатда қоидабузарлар яна олти ой давлат автомактабида мажбурий қайта ўқишдан ўтади.
Янги тизим ишлаб чиқиш сабаблари
Синов муддатини муваффақиятли якунлаган ҳайдовчиларга миллий доимий гувоҳнома берилади. Ислоҳот муаллифлари бу чоралар тажрибасиз ҳайдовчилар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисалари сони ортиб бораётгани билан изоҳланишини таъкидламоқда.
Янги тизим транспорт бошқарувига босқичма-босқич рухсат беришни назарда тутади. Мавжуд доимий гувоҳномага эга шахслар учун амалдаги қоидалар ўзгармайди.
Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси 27 февралга қадар жамоатчилик муҳокамасида бўлади. Эслатиб ўтамиз, ҳайдовчиларни тайёрлаш ва гувоҳнома бериш тизимини ислоҳ қилиш 2025 йил охирида президент Садир Жапаров шахсий назорати остида бошланган эди.





