Ўзбекистонда нархларни кузатиш учун «NarxStat» платформаси ишга туширилди
Янги платформа орқали озиқ-овқат ва ёнилғининг туманлар кесимидаги нархлари, уй-жой бозори индекси ҳамда инфляция кўрсаткичларини кузатиш мумкин.
© Foto: stat.uzМиллий статистика қўмитаси Ўзбекистонда нархлар статистикасига оид очиқ маълумотларни жамловчи «NarxStat» платформасини ишга туширди. Унда асосий истеъмол товарлари ва ёнилғи нархларидан тортиб, уй-жой бозори кўрсаткичларигача бўлган маълумотлар жойлаштирилган.
Платформа narx.stat.uz манзилида ишлайди. У орқали Ўзбекистондаги истеъмол нархлари индекси, асосий озиқ-овқат маҳсулотлари ва ёнилғининг ҳудудлар ҳамда туманлар кесимидаги ҳафталик ўртача нархлари билан танишиш мумкин.
Шунингдек, тизимда уй-жой бозори нархлари индекси ва саноат ишлаб чиқарувчилари нархлари индекси ҳам тақдим этилади.
Маълумотларни юклаб олиш мумкин
«NarxStat» фойдаланувчилари инфляция ва истеъмол харажатлари калькуляторларидан ҳам фойдаланиши мумкин. Бу воситалар орқали нархлар ўзгариши ва истеъмол харажатларига оид ҳисоб-китобларни амалга ошириш имконияти мавжуд.
Платформадаги маълумотларни CСВ ва ЖСОН форматларида юклаб олиш мумкин. Шунингдек, маълумотларга АПИ орқали рўйхатдан ўтмасдан кириш имконияти ҳам яратилган.
Эслатиб ўтамиз, 2026-йилнинг апрел ойида Марказий банк Миллий статистика қўмитаси маълумотлари асосида нархлар мониторинги платформаси — «narxtahlil.uz»ни ишга туширганди.
Ушбу платформада 30 турдаги асосий озиқ-овқат маҳсулотларининг республика, ҳудуд, туман ва шаҳарлар кесимидаги ҳафталик ўртача нархларини кузатиш мумкин. Бундан ташқари, унда нархларнинг ўтган ҳафтага нисбатан ўзгариши, истеъмол нархлари индекси ва инфляция кўрсаткичлари ҳам жойлаштирилган.





