Қишки олимпиада-2026 якунланди: Норвегия медаллар ҳисобида етакчи
Италияда ўтган XXV қишки Олимпия ўйинларида Норвегия 41 медал билан умумий ҳисобда ғолиб бўлди ва янги рекорд ўрнатди.

22 феврал куни Италиянинг Милан ва Кортина-д’Ампеццо шаҳарларида ўтказилган XXV қишки Олимпия ўйинлари расман якунланди. Мусобақалар доирасида 116 та медаллар жамланмаси ўйналди.
Умумий медаллар ҳисобида Норвегия терма жамоаси биринчи ўринни эгаллади. Скандинавияликлар 18 та олтин, 12 та кумуш ва 11 та бронза медалига эга чиқди. Жами 41 та медал билан норвегияликлар қишки Олимпиада тарихида энг кўп мукофот жамғарган жамоа сифатида янги рекорд ўрнатди.
Аввалги рекорд ҳам шу мамлакат спортчиларига тегишли эди — 2018 йили Жанубий Кореянинг Пёнгчанг шаҳрида ўтган олипия ўйинларида улар 39 та медал жамғаришганди. Норвегия кетма-кет тўртинчи бор медаллар ҳисобида етакчиликни қўлга киритди. Милан ва Кортинa д’Ампеццо мезбонлик қилган мусобақа тарихий натижалар билан ёдда қолди.
Етакчилар ва натижалар
Медаллар жадвалида иккинчи ўринни АҚШ эгаллади. Америкалик спортчилар 12 та олтин, 12 та кумуш ва 9 та бронза медали қўлга киритди. Учинчи поғонада Нидерландия жой олди — 10 та олтин, 7 та кумуш ва 3 та бронза.
Мезбон Италия терма жамоаси 10 та олтин, 6 та кумуш ва 14 та бронза медали билан тўртинчи бўлди. Уйинлар Европа қитъасида ўтказилганига қарамай, медаллар тақсимотида скандинавияликлар устунлик қилди.

Байроқсиз қатнашган россиялик спортчилар фақат битта кумуш медал билан кифояланишди. Қозоғистон эса 1994 йилдан буён ўзининг иккинчи олтин медалини қўлга киритди.
Финал ва тарихий гол
Олимпиаданинг сўнгги медали 22 феврал куни хоккей турнири финалида ўйналди. АҚШ ва Канада терма жамоалари ўртасидаги ҳал қилувчи беллашувда америкаликлар овертаймда 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди.
Жек Ҳюз тарихий ғалаба голига муаллифлик қилди. У АҚШга 1980 йилги ўйинлардан кейин илк бор Олимпия олтинини тақдим этди. Шундай қилиб, Милан ва Кортинa д’Ампеццо Олимпиадаси янги рекордлар ва драматик финал билан якунланди.
2030 йилги қишки олимпиада Француз Алп тоғларида бўлиб ўтади.
