
Қишки Олимпиада ўйинида Ўзбекистон байроқдори ким бўлиши маълум бўлди
Қишки Олимпиаданинг очилиш маросимида Ўзбекистон делегациясига Даниил Ейбог байроқдорлик қилади.

2026 йилги Милан–Кортина қишки Олимпия ўйинларининг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон делегацияси байроқдори этиб шорт-трек бўйича терма жамоа аъзоси Даниил Ейбог тайинланди. Бу ҳақда Миллий Олимпия қўмитаси матбуот хизмати маълум қилди.
Ўзбекистон спортчилари қишки Олимпиадада икки йўналишда иштирок этади. Медет Назаров тоғ чанғиси бўйича слалом ва гигант-слалом дастурларида стартга чиқади. Даниил Ейбог эса шорт-трек йўналишида 500 метр масофада баҳс олиб боради.
Шунингдек, саралаш босқичи якунларига кўра, фигурли учишнинг жуфтлик дастурида Дмитрий Чигирёв ва Екатерина Гейниш Олимпиада йўлланмасини қўлга киритган эди. Бироқ тайёргарлик жараёнида Дмитрий Чигирёв жароҳат олгани сабаб мусобақагача тиклана олмади. Натижада Ўзбекистон делегацияси қишки Олимпиадада фақат тоғ чанғиси ва шорт-трек дастурларида иштирок этади.
Очилиш маросими Тошкент вақти билан 7 февралга ўтар кечаси соат 00:00 да старт олади. Олимпия ўйинларининг ўзи эса 6 февралдан 22 февралга қадар давом этади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон 1994-йилда Лиллехаммердаги (Норвегия) қишки Олимпия ўйинларида тарихда илк бор иштирок этиб, биринчи олтин медални қўлга киритишга муваффақ бўлган. Миллий терма жамоада 7 нафар спортчи, шулардан 4 нафарини аёллар ташкил этган. Ўзбекистон тарихидаги биринчи Олимпия чемпиони чанғи акробатикаси мусобақаларида Лина Черязова фристайлнинг акробатика тури бўйича олтин медални қўлга киритган





