
Қизиқчи Нурлан Сабуров Россиядан ярим асрга «бадарға» қилинди
Москвада қўлга олинган қозоғистонлик санъаткорга қўйилган тақиқ Украинадаги уруш билан боғлиқ.

Россия ҳукумати қозоғистонлик қизиқчи Нурлан Сабуровнинг мамлакатга киришини 50 йилга тақиқлади. Бу ҳақда «РИА Новости» давлат агентлиги ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбаларига таяниб хабар берди. Мазкур маълумотни Россиянинг бошқа ОАВлари ҳам тасдиқламоқда.

Қайд этилишича, 6 феврал куни Сабуров БААда реклама суратга олиш ишларида қатнашиб Россияга қайтгач, Внуково аэропортида ушланган.
Манбаларнинг билдиришича, чегарачилар санъаткорни паспорт назорати вақтида тўхтатган. Аэропортдан олинган видеотасвирларда Сабуров ўз адвокати ва мутасадди шахслар ўртасида мулоқот ўрнатилишини талаб қилаётганини кўриш мумкин. Текширувдан сўнг унга мамлакатга кириш тақиқлангани ҳақида билдиришнома топширилган.
Ушбу қарор юзасидан расмий изоҳ берилмаган бўлса-да, «РИА Новости» манбалари буни бир қанча омиллар билан боғламоқда.
«ТАСС» ва бошқа нашрларнинг қайд этишича, ҳукумат Сабуровнинг очиқ баёнотларини, жумладан, «махсус ҳарбий операция» (Россияда Украинага қарши уруш шундай аталади) танқид қилинганини, шунингдек, миграция ва солиқ қонунчилиги бузилганини даъво қилган.
Давлат агентликларининг маълумотига кўра, тақиқ дарҳол кучга кирган ва узоқ муддатли характерга эга.
Бу санъаткор ва миграция хизматлари ўртасидаги биринчи низо эмас. Ўтган йилнинг май ойида Сабуров миграция қонунини бузгани учун Шереметево аэропортида ушланган эди. Ўшанда у 5 минг рубл миқдорида жаримага тортилиб, белгиланган муддатда мамлакатни тарк этиш мажбурияти юкланган. Кейинчалик манбалар қизиқчининг Россия фуқаролигини олишга бўлган бир неча уринишлари самарасиз якунланганини хабар қилган эди.





