Қорақалпоғистонда сув таъминотига 2,2 трлн сўм ажратилади
2026–2030 йилларда ҳудудда 1 719 km тармоқ тортилиб, 83,5 фоиз қамровга эришиш режалаштирилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикасида марказлашган ичимлик суви таъминотини яхшилаш учун 2026–2030 йилларда жами 2,2 триллион сўм йўналтирилади. Бу ҳақда президентнинг 21 февралдаги «Қорақалпоғистон Республикасини 2026 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва келгуси йиллар учун мўлжалланган дастурларни тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорида белгиланди.
Маблағлар қайси ташкилотлар томонидан ажратилади
Маблағлар халқаро молия институтлари, давлат бюджети, маҳаллий бюджетлар ҳамда хомийлик маблағлари ҳисобидан жалб этилади.
Шундан:
1,8 трлн сўм — халқаро молия институтлари;
299,1 млрд сўм — республика бюджети;
21,4 млрд сўм — маҳаллий бюджет ва унинг қўшимча манбалари;
22,9 млрд сўм — сув таъминоти ташкилотлари маблағлари ва ҳомийлик хайриялари бўлиб, маблағлар 2026—2030-йиллар давомида ажратилади.
Лойиҳа доирасида 1 719 километр ичимлик суви тармоғи тортилади, 56 та қудуқ қазилади ва чучуклаштирувчи ускуналар ўрнатилади. Шунингдек, 36 та сув иншоотини қуриш режалаштирилган. Натижада 2030 йилга бориб ҳудудда марказлашган ичимлик суви таъминоти қамрови 83,5 фоизга етказилиши кўзда тутилган.
Қўшимча молиялаштириш
Бундан ташқари, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Осиё тараққиёт банки ўртасидаги келишувга мувофиқ, 2027 йилдан бошлаб 200 млн доллар миқдоридаги қўшимча молиялаштириш асосида қатор инфратузилма лойиҳалари амалга оширилади.
Жумладан, Амударё туманида 6 та маҳаллада 107,1 км янги тармоқ, насос станцияси ва сув тозалаш иншооти реконструкцияси режалаштирилган. Тахиатош туманида 89,9 км тармоқ ва 3 та сув тақсимлаш иншооти барпо этилади. Элликқалъа ва Беруний туманларида эса канализация тизимлари ҳамда оқова сув тозалаш иншоотлари қурилади.
Мазкур ташаббус 20 феврал куни Шавкат Мирзиёев раислигидаги йиғилишда маълум қилинган ва ижроси учун масъулларга аниқ вазифалар юклатилган.





