Қозоғистон 2027-йилдан ўзини электр энергияси билан тўлиқ таъминлайди
2029-йилга бориб Қозоғистон энергетика тизимида 20 фоизлик захира билан барқарор электр ортиқчалиги шаклланади. Бу эса мамлакатнинг электр энергияси экспорт қилиш имкониятини ҳам оширади.
© Foto: Depositphotos2027-йил охирига бориб Қозоғистон мамлакатнинг электр энергиясига бўлган ички эҳтиёжини тўлиқ қоплашни ва ҳатто ортиқча электр ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Қозоғистон энергетика вазири Ерлан Аккенженов ҳукумат йиғилишида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, мамлакатда энергетика ва коммунал соҳани модернизация қилиш бўйича миллий лойиҳа амалга оширилмоқда. 2026-йилда ушбу лойиҳа доирасида 2418 МВт қувватга эга янги энергия объектлари ишга туширилади.
2027-йилда эса яна 825 МВт қувват ишга тушиши режалаштирилган. Жумладан, «Жамбил» ГРЭСда қуввати 210 МВт бўлган 5 та газ турбинаси ишга туширилади, МАЭК корхонасида эса 160 МВт қувватли буғ-газ электр қурилмаси фойдаланишга топширилади.
Вазирнинг таъкидлашича, ушбу объектлар ишга туширилиши натижасида 2027-йил бошиданоқ мамлакат иқтисодиётининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжи тўлиқ таъминланади. Йил охирига бориб эса Қозоғистонда 1,3 миллиард kWh ортиқча электр энергияси пайдо бўлади.
Ерлан Аккенженовнинг айтишича, ушбу ишлар натижасида 2029-йилга бориб мамлакатдаги иссиқлик тармоқларининг эскириш даражаси ўртача 52 фоиздан 42 фоизга, электр тармоқлариники эса 74 фоиздан 45 фоизгача камаяди.
Шунингдек, миллий лойиҳа доирасида 2028–2029-йилларда яна 4 минг МВтдан ортиқ янги қувватлар ишга туширилиши режалаштирилган. Бунинг натижасида 2029-йилга бориб Қозоғистон энергетика тизимида 20 фоизлик захира билан барқарор электр ортиқчалиги шаклланади. Бу эса мамлакатнинг электр энергияси экспорт қилиш имкониятини ҳам оширади.
Умуман олганда, миллий лойиҳа доирасида 2029-йилгача 7,3 ГВт қувватга эга янги электр ишлаб чиқариш манбалари барпо этилади. Лойиҳанинг умумий қиймати 6,2 триллион тенгени (13,1 миллиард доллар) ташкил этади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистон инсон тараққиёти бўйича МДҲ ва Марказий Осиёда етакчига айлангани ҳақида ёзган эдик.





