Қозоғистон Президенти Бухорога келди
Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев амалий ташриф билан Бухорога келиб, Шавкат Мирзиёев билан биргаликда Баҳоуддин Нақшбанд мақбарасини зиёрат қилди.

Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан мамлакатимизга амалий ташриф билан келди. Олий мартабали меҳмон Бухородаги халқаро аеропортда давлат раҳбари томонидан расмий тарзда кутиб олинди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Кутиб олиш маросими миллий анъаналар асосида ўтказилди. Тантанали тадбирда икки давлат байроқлари кўтарилиб, фахрий қоровул саф тортди, миллий куй-қўшиқ ва рақслар ижро этилди. Бу ташриф икки мамлакат ўртасидаги стратегик шерикликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши кутилмоқда.
Ташриф доирасида етакчилар икки томонлама музокаралар ўтказиши режалаштирилган. Унда савдо-иқтисодий ҳамкорлик, транспорт, саноат ва маданий алоқаларни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинади. Шунингдек, Қозоғистон делегацияси Бухородаги саноат корхоналари фаолияти билан ҳам танишади.
Давлат раҳбарлари ташриф давомида Баҳоуддин Нақшбанд мақбарасини зиёрат қилди. Ушбу мажмуа Бухоро шаҳридан тахминан 12 километр узоқликда жойлашган бўлиб, минтақадаги энг муҳим зиёратгоҳлардан бири ҳисобланади. Бу ерда ХИВ асрда яшаган буюк мутафаккир, нақшбандия тариқати асосчиси Баҳоуддин Нақшбанд дафн этилган.
Мажмуа асрлар давомида шаклланган бўлиб, унинг таркибида мақбара, хонақоҳ, масжидлар ва тарихий сулолалар вакиллари дафн этилган дахмалар жой олган. Сўнгги йилларда бу ҳудуд кенг кўламли ободонлаштириш ишлари орқали қайта тикланди, инфратузилма янгиланди.
Зиёрат чоғида Қуръон оятлари тиловат қилиниб, икки халқ фаровонлиги ва тинчлиги учун дуо қилинди. Бу ташриф Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги дўстлик ва қардошлик муносабатларининг яна бир муҳим ифодаси сифатида баҳоланмоқда.





