Қозоғистонда исломий банклар активлари қарийб 33 баробар ошди
Аммо бу ўсиш бозорнинг 0,5 фоизига ҳам етмайди. Исломий банклар Қозоғистон банк активларининг 0,4 фоизини ташкил этган. Қўшни Қирғизистонда бу кўрсаткич 1,1 фоиз. Ўзбекистонда эса ҳали исломий банклар йўқ. Айни пайтда 17 та тижорат банки, жумладан давлат банклари ҳам исломий банк фаолиятини амалга оширишга рухсат берувчи лицензия учун ариза топширган.
© Foto: klerk.ruИсломий молия жаҳон молия тизимида муҳим ўрин тутади. Исломий молиявий хизматлар кенгаши (IFSB) маълумотларига кўра, 2025-йилнинг учинчи чорагида исломий молия тизимининг умумий активлари 4,4 триллион долларга етган. Ушбу маблағларнинг қарийб 69 фоизи исломий банклар ҳиссасига тўғри келган. Яна қарийб чорак қисми эса сукукларга тўғри келган. Бир йил ичида бозор ҳажми 13,4 фоизга ўсган.
Исломий молиянинг анъанавий банк тизимидан асосий фарқи шундаки, банк оддий фоизли кредит бериб, ундан фоиз даромади олмайди. Бунинг ўрнига устама билан олди-сотди қилиш, мол-мулкни ижарага бериш, биргаликда инвестиция киритиш ва маблағларни бошқариш каби усуллардан фойдаланилади.
Масалан, банк бирор маҳсулотни сотиб олиб, мижозга устама нархда қайта сотиши мумкин. Ёки мол-мулкни сотиб олиб, мижозга ижарага беради. Бундай операциялар шариат қоидаларига мос бўлиши керак. Жумладан, маблағларни тақиқланган фаолият турларига йўналтириш мумкин эмас. Шунингдек, битим шартлари ва томонларнинг мажбуриятлари олдиндан аниқ белгиланиши лозим.
Исломий банкларнинг мамлакатлар банк тизимидаги улуши бир-биридан кескин фарқ қилади. Сомали, Судан ва Эронда банк активларининг 100 фоизи исломий банкларга тўғри келади. Саудия Арабистонида бу кўрсаткич 75,8 фоиз, Малайзияда 34,3 фоиз, Баҳрайнда 27 фоиз, Бирлашган Араб Амирликларида 24 фоиз ва Туркияда 9,7 фоизни ташкил этади.
Исломий банклар аҳолининг аксарияти мусулмон бўлмаган мамлакатларда ҳам фаолият юритади. Масалан, Буюк Британияда улар жами банк активларининг 0,1 фоизига эгалик қилади. Қозоғистонда эса исломий банкларнинг банк бозоридаги улуши ҳозирча кичик. 2025-йилнинг учинчи чорагида улар мамлакат банк активларининг 0,4 фоизини ташкил этган. Қўшни Қирғизистонда бу кўрсаткич 1,1 фоизга тенг бўлган.
Шунга қарамай, Қозоғистондаги исломий банкларнинг активлари сўнгги беш йил ичида йилига ўртача 19,2 фоиздан ўсиб борган. Қирғизистонда эса йиллик ўсиш 24,7 фоизни ташкил этган.
2010-йилнинг август ойида Қозоғистондаги исломий банклар активлари 9,6 миллиард тенге бўлган. 2026-йилнинг августига келиб, бу кўрсаткич 315,3 миллиард тенгега етган. Яъни 16 йил ичида активлар қарийб 33 баробар ошган.
Исломий банкларнинг мамлакат банк тизимидаги жами активлар улуши ҳам 0,08 фоиздан 0,42 фоизга кўтарилган. Айниқса, 2024-йилда кескин ўсиш кузатилган. 2023-йилнинг августида 96,7 миллиард тенгени ташкил этган активлар бир йил ичида 218,5 миллиард тенгега етган. 2025-йилнинг августида эса бу кўрсаткич 299,2 миллиард тенгени ташкил қилган.
Бироқ банклардаги омонатлар бўйича исломий банкларнинг улуши анча пастлигича қолмоқда. 2026-йил августда улар Қозоғистон банк тизимидаги жами омонатларнинг атиги 0,08 фоизига эга бўлган. Кредит ва молиялаштириш портфелидаги улуши эса 0,39 фоизни ташкил этган.
Қозоғистондаги исломий банкларнинг молиялаштириш портфели асосан ADCB Исломий банки ҳиссасига тўғри келади. 2026-йил августда мамлакатдаги иккита исломий банкнинг умумий молиялаштириш портфели 182,5 миллиард тенге бўлган. Шундан 165,2 миллиард тенге ёки 90,5 фоизи ADCB Исломий банкига, 17,3 миллиард тенге эса Zaman-Bank Исломий банкига тегишли бўлган. 2021-йилнинг августида эса улар ўртасидаги фарқ анча кичик эди: ADCB Исломий банкининг портфели 26,7 миллиард тенге, Zaman-Bank'ники эса 16,2 миллиард тенге бўлган.
Беш йил ичида ADCB Исломий банкининг молиялаштириш портфели олти баробардан кўпроқ ошган. Zaman-Bank'да эса бу кўрсаткич деярли ўзгармаган. Жисмоний шахсларнинг омонатлари ҳажми ҳам йилдан йилга сезиларли ўзгариб туради. 2026-йилнинг августида ADCB Исломий банкида бундай омонатлар 4,7 миллиард тенге, Zaman-Bank Исломий банкида эса 377,2 миллион тенге бўлган.
Ҳолбуки, 2024-йилнинг августида Zaman-Bank'да жисмоний шахсларнинг омонатлари 17,1 миллиард тенгега етган эди. Бир йил ўтиб, бу кўрсаткич 5,1 миллиард тенгегача тушган. Компаниялар ва бошқа юридик шахсларнинг омонатлари эса анча катта. 2026-йилнинг августида уларнинг ҳажми ADCB Исломий банкида 26,6 миллиард тенге, Zaman-Bank'да эса 7,7 миллиард тенге бўлган.
Қозоғистонда исломий молия фақат иккита банк билан чекланмайди. Остона халқаро молия марказида ҳам исломий молия хизматларини кўрсатувчи ташкилотлар фаолият юритади. 2026-йилнинг октябр ойи бошидаги ҳолатга кўра, AFSA реестрида амалдаги лицензияга эга битта исломий банк ва исломий молиялаштириш бўйича лицензия олган олтита компания қайд этилган.
Исломий молиянинг яна бир воситаси — сукук. У ташқи кўринишидан облигацияга ўхшайди, аммо инвесторнинг даромади фоизга эмас, балки муайян актив, лойиҳа ёки шариатга мос бошқа битимга боғлиқ бўлади. Қозоғистон эмитенти томонидан чиқарилган илк сукук 2012-йилда пайдо бўлган. Ўшанда Қозоғистон тараққиёт банки 240 миллион Малайзия ринггити миқдорида сукук жойлаштирган.
Бироқ ундан кейин мамлакат ичидаги сукук бозори узоқ вақт деярли ривожланмаган. 2024-йилнинг охирида эса ички бозор жонлана бошлади. AIX биржасида «Gamma-T SPC Limited» компаниясининг қарийб 9,6 миллион долларлик сукуклари жойлаштирилди. Бу Қозоғистондаги ички бозорда чиқарилган илк сукук бўлди.
2025-йилда «Tayyab Finance» компанияси 20 миллиард тенгегача сукук чиқариш дастурини рўйхатдан ўтказди. «Asia Mineral Resource» эса мамлакатда жисмоний шахслар учун мўлжалланган илк чакана сукукни 10 миллион доллар миқдорида жойлаштирди. 2026-йилда ҳам янги сукук чиқарилишлари кузатилди.
2026-йилдан бошлаб анъанавий банклар ҳам ўз фаолияти доирасида исломий хизматларни таклиф қилиш имкониятига эга бўлди. Бунинг учун улар исломий банк операцияларини амалга ошириш бўйича қўшимча лицензия олиши керак. Бу тизим «исломий дарча» деб аталади. Яъни банк ўзининг мавжуд филиаллари, мобил иловалари ва мижозлар базасидан фойдаланган ҳолда анъанавий хизматлар билан бир қаторда исломий молия маҳсулотларини ҳам таклиф қилиши мумкин. Бироқ исломий молияга тегишли активлар ва мажбуриятлар анъанавий банк операцияларидан алоҳида ҳисобга олиниши шарт.
Қозоғистон банк тизимидаги улуши 0,5 фоизга ҳам етмаётган исломий молия ҳозирча кичик бозор бўлиб қолмоқда. Шунга қарамай, унинг ривожланиши учун янги имкониятлар пайдо бўлди: Остона халқаро молия марказида янги компаниялар фаолият бошлади, сукук бозори жонланди ва анъанавий банкларга ҳам исломий хизматлар кўрсатишга рухсат берилди. Энди бозорнинг ривожланишига тўсқинлик қилаётган асосий омил молиявий воситаларнинг етишмаслиги эмас, балки мижозларнинг уларга бўлган талаби бўлиши мумкин.
Ўзбекистонда исломий банклар қачон иш бошлайди?
Ўзбекистонда ислом молияси бозорини шакллантириш бўйича ишлар жадаллашмоқда. «Al-Muomalat Consulting» ташкилоти эдвайзер раҳбари Ҳаётжон Азимовнинг Vaqt.uz'га айтишича, айни пайтда 17 та тижорат банки, жумладан давлат банклари ҳам исломий банк фаолиятини амалга оширишга рухсат берувчи лицензия учун ариза топширган.
Мутахассис буни бозорда исломий молиявий хизматларга талаб юқорилигини кўрсатувчи муҳим индикатор сифатида баҳолади. Унинг таъкидлашича, банкнинг лицензия олиш учун ариза топширишидан олдин бир қатор тайёргарлик жараёнлари амалга оширилади.
Битта исломий банк етарлими?
Ўзбекистонда 2030-йилгача мўлжалланган стратегияда камида битта банкка исломий банк фаолияти учун лицензия бериш кўзда тутилган. Бироқ Ҳаётжон Азимовнинг фикрича, исломий молия тизимини фақат битта банк билан шакллантириш қийин. Чунки бу йўналиш алоҳида банкдан кўра кенгроқ молиявий экотизимни талаб қилади.
Мутахассисга кўра, бир нечта банк ва молиявий институтларнинг иштироки ликвидликни бошқариш, бозор ва монетар операцияларни ташкил этиш нуқтаи назаридан муҳим. Шу сабабли кейинги босқичларда бошқа банкларга ҳам лицензия берилиши тизимнинг самарали ишлаши учун зарур бўлиши мумкин.
Исломий банк Ўзбекистонга қандай кириб келади?
Исломий банк деганда фақат хорижий давлатдан келадиган янги банкни тушуниш керак эмас. Мавжуд тижорат банклари ҳам ўз таркибида исломий банк «дарчаси» очиши, алоҳида тузилма ташкил қилиши ёки келгусида исломий банк фаолиятини йўлга қўйиши мумкин.
Бундан ташқари, хорижий инвесторларнинг, хусусан Малайзия ҳамда Форс кўрфази мамлакатларидаги йирик банкларнинг Ўзбекистон бозорига кириш бўйича қизиқиши ҳам мавжуд. Улар янги банк ташкил этиш, филиал очиш ёки мавжуд банкларни хусусийлаштириш жараёнлари орқали бозорга кириш имкониятларини кўриб чиқмоқда.
Исломий ва анъанавий маблағлар аралашиб кетмайдими?
Исломий банк хизматларига қизиқayotgan фуқаролар учун энг муҳим саволлардан бири — исломий молия маблағлари анъанавий банк операцияларидан қандай ажратилиши. Ҳаётжон Азимовнинг сўзларига кўра, маблағ ва ҳисобларни ажратиш талаби тегишли қонунчилик ҳамда Марказий банк низомларида белгиланган.
Бу фақат алоҳида филиал ёки «исломий дарча» даражасида эмас, балки банкнинг ички ҳисоб-китоблари, тўлов тизимлари ва бошқа операцион жараёнларигача қамраб олиниши керак.
Унинг таъкидлашича, ҳисобларни тўлиқ ажратиш исломий молия тамойилларига мувофиқликни таъминлаш ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун муҳим. Айни пайтда бу борада Марказий банк даражасида техник ишлар ва учрашувлар олиб борилмоқда.
Сохта «исломий банклар»дан қандай ҳимояланиш мумкин?
Исломий молияга бўлган талабнинг ошиши билан бирга, ундан фойдаланиб фуқароларнинг маблағларини ноқонуний жалб қилиш хавфи ҳам мавжуд. Суҳбатда яқинда ижтимоий тармоқларда ўзини исломий банк сифатида кўрсатган «Business Life» номли тузилма билан боғлиқ ҳолат ҳам тилга олинди.
Мутахассис фуқароларга бундай ташкилотларга маблағ топширишдан олдин унинг ҳуқуқий мақомини текширишни тавсия қилди. Унинг таъкидлашича, лицензияга эга банк ёки янги банк фаолияти ҳақидаги тегишли маълумотлар Марказий банк томонидан ҳам эълон қилинади.
Шу сабабли фуқаролар ижтимоий тармоқлардаги реклама ёки ваъдаларга эмас, аввало Марказий банкнинг расмий маълумотларига таяниши керак.
Исломий омонатлар ҳам кафолатланадими?
Суҳбатда исломий молия тизимининг яна бир муҳим жиҳати — омонатларни кафолатлаш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Ҳаётжон Азимовнинг маълум қилишича, исломий банкларда жалб қилинадиган омонатларни кафолатлаш механизмини яратиш бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда. Бунинг учун исломий омонатларни кафолатлаш жамғармасини ташкил этиш жараёни кўриб чиқилмоқда. Бу эса исломий молия тизимида ҳисобларни ажратиш фақат банкларнинг ўзида эмас, балки молиявий тизимнинг бошқа бўғинларида ҳам таъминланиши кераклигини англатади.
Тизим қачон тўлиқ ишлайди?
Ҳозирча суҳбатда Ўзбекистонда исломий банкнинг аниқ қайси санадан бошлаб фаолият бошлаши ҳақида маълумот берилмаган. Бироқ мутахассиснинг таъкидлашича, ҳуқуқий база яратилган, тижорат банклари лицензия олиш учун ариза бермоқда, ҳисобларни ажратиш, IT тизимларини мослаштириш ва омонатларни кафолатлаш механизмларини ишлаб чиқиш бўйича ишлар давом этмоқда.
Шундай қилиб, Ўзбекистонда исломий банк тизимини яратиш жараёни алоҳида банк очиш билан чекланмай, бутун молиявий экотизимни шакллантиришни назарда тутмоқда.





