Муаммоли кредитлар 24 трлн сўмдан ошди: қайси банкларда вазият оғирроқ?
Энг катта муаммоли кредит портфели Агробанк ва Ўзмиллийбанкда қайд этилган. Муаммоли кредитларнинг жами кредитлардаги улуши бўйича эса TBC bank, Пойтахт банк ва Мадад Инвест банк юқори ўринларда турибди.
© Vaqt.uzЎзбекистон тижорат банкларининг жами кредит портфели 648,95 трлн сўмни ташкил этмоқда. Шундан 24,02 трлн сўми муаммоли кредитлар (NPL) ҳиссасига тўғри келади. Бу жами кредитларнинг 3,7 фоизига тенг.
Марказий банкнинг маълумотларига кўра, кўра, 1-сентябр ҳолатига давлат улуши мавжуд банкларнинг кредит портфели 421,46 трлн сўм, муаммоли кредитлари эса 16,55 трлн сўмни ташкил этган. Ушбу гуруҳда NPL улуши 3,93 фоизга тенг.
Бошқа банкларнинг жами кредитлари 227,48 трлн сўм, муаммоли кредитлари эса 7,48 трлн сўмни ташкил қилган. Бу гуруҳда муаммоли кредитлар улуши 3,29 фоизни ташкил этади.
Шундай қилиб, давлат улуши мавжуд банклар жами кредит портфелининг қарийб 65 фоизини эгаллаган бўлса-да, барча муаммоли кредитларнинг қарийб 69 фоизи ҳам айнан шу банклар ҳиссасига тўғри келади.
Энг кўп муаммоли кредит қайси банкларда?
Муаммоли кредитларнинг мутлақ ҳажми бўйича Агробанк биринчи ўринда турибди. Банкнинг NPL ҳажми 3,21 трлн сўмни ташкил этади. Ўзмиллийбанкда бу кўрсаткич 3,17 трлн сўмга тенг.
Кейинги ўринларда Микрокредитбанк — 2,14 трлн сўм, Ўзсаноатқурилишбанк — 1,80 трлн сўм, Asakabank — 1,71 трлн сўм ва Халқ банки — 1,56 трлн сўм билан қайд этилган.
Бизнесни ривожлантириш банкда муаммоли кредитлар 1,53 трлн сўмга етган. Капитал банкда бу кўрсаткич 1,15 трлн сўм, Ипотека-банк ва Anorbankда эса қарийб 1,11 трлн сўмдан иборат.
Ушбу кўрсаткичлар муаммоли кредитларнинг пулдаги ҳажмини акс эттиради. Бироқ банкларнинг кредит портфеллари турлича бўлгани сабабли уларни фақат шу рақамлар асосида таққослаш етарли эмас.
Муаммоли кредитлар улуши энг юқори банклар
Кредит портфелидаги муаммоли қарзлар улуши бўйича вазият бошқача кўринишга эга.
Жадвалдаги 35 та банк орасида энг юқори кўрсаткич TBC bankда қайд этилган. Унинг 7,72 трлн сўмлик кредит портфелининг 1,03 трлн сўми муаммоли кредитлардан иборат. Бу жами кредитларнинг 13,37 фоизига тенг.
Пойтахт банкда муаммоли кредитлар улуши 13,18 фоизни ташкил этади. Банкнинг жами кредитлари 708,78 млрд сўм, муаммоли кредитлари эса 93,40 млрд сўмга тенг.
Мадад Инвест банкда NPL улуши 10,04 фоиз бўлиб, муаммоли кредитлар ҳажми 58,54 млрд сўмни ташкил этади.
Шунингдек, Микрокредитбанкда муаммоли кредитлар улуши 9,2 фоиз, Anorbankда 8,76 фоиз, Garant банкда 7,73 фоиз ва AVO bankда 6,84 фоизни ташкил қилган.
Бизнесни ривожлантириш банкда бу кўрсаткич 5,85 фоиз, Тенге банкда 4,89 фоиз, Ziraat Bank Uzbekistan’да 4,79 фоиз, Аsakabankда 4,37 фоиз ва Халқ банкида 4,15 фоизга тенг.
Қайси банкларда муаммоли кредитлар улуши энг паст?
KDB Bank Ўзбекистон ва Octobankнинг муаммоли кредитлари нолга тенг.
Apex bankда муаммоли кредитлар 1,81 млрд сўмни ёки жами кредитларнинг 0,05 фоизини ташкил этади. Uzum bankда бу кўрсаткич 53,7 млн сўм ва кредит портфелининг қарийб 0,015 фоизига тенг.
Openbankда муаммоли кредитлар 3,31 млрд сўмни, Tayanch mikromoliya bankiда эса 843,7 млн сўмни ташкил этган. Уларнинг кредит портфелидаги улуши мос равишда 0,46 ва 0,56 фоизга тенг.
Vaqt.uz аввалроқ муаммоли кредитлар кўрсаткичи сўнгги 7 йилда қандай ўзгарганини таҳлил қилганди.





