add

Қурилишларда ўлимга сабаб бўлган бахтсиз ҳодисалар кескин ортди

Расмий маълумотлар Ўзбекистонда қурилиш соҳасида меҳнат хавфсизлиги билан боғлиқ муаммолар ортиб бораётганини кўрсатмоқда.

Қурилишларда ўлимга сабаб бўлган бахтсиз ҳодисалар кескин ортди

2025 йилда Ўзбекистонда қурилиш соҳасида меҳнат фаолияти билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар оқибатида 99 нафар ишчи ҳалок бўлган. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан кескин ошган бўлиб, соҳада хавфсизлик талабларига амал қилиш даражаси етарли эмаслигини кўрсатади.

Таққослаш учун, 2024 йилда қурилиш соҳасида 204 та меҳнат фаолияти билан боғлиқ бахтсиз ҳодиса қайд этилган ва улар оқибатида 71 нафар ишчи вафот этган эди. Яъни, 2025 йилда нафақат ҳодисалар сони, балки ҳалок бўлган ишчилар сони ҳам кескин ортган.

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигига кўра, бахтсиз ҳодисаларнинг катта қисми ишчиларни шахсий ҳимоя воситалари билан тўлиқ таъминламаслик, доимий техник ва маъмурий назоратнинг йўқлиги ҳамда хавфли иш жараёнларини етарлича баҳоламаслик оқибатида юзага келган.

Шунингдек, қурилиш ташкилотлари раҳбарлари томонидан шахсий жавобгарликни етарли даражада ҳис қилмаслик ҳам муҳим омил сифатида қайд этилмоқда. Кўплаб ҳодисалар олдиндан башорат қилиш ва профилактик чоралар орқали олдини олиш мумкин бўлган ҳолатлар экани айтилади.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йилда Ўзбекистонда меҳнат фаолияти билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар оқибатида 248 нафар фуқаро ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилганди.

Teglar

Mavzuga oid