add

«Raiffeisen Bank International» капитал бозори учун «тартибга солиш қумдони» иштирокчисига айланди

Kecha 18:012 daqiqa

«Raiffeisen Bank International» Ўзбекистон капитал бозорида махсус ҳуқуқий режим — «тартибга солиш қумдони» иштирокчиси сифатида рўйхатдан ўтказилди.

«Raiffeisen Bank International» капитал бозори учун «тартибга солиш қумдони» иштирокчисига айланди

2025 йил 26 декабр куни Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги томонидан «Raiffeisen Bank International AG» капитал бозори соҳасида «тартибга солиш қумдони» махсус ҳуқуқий режими иштирокчиси сифатида рўйхатдан ўтказилди.

Шу билан «Raiffeisen Bank» ушбу механизм доирасидаги олтинчи хорижий иштирокчига айланди. «Тартибга солиш қумдони» (regulyatory sandbox) молиявий ва капитал бозори инструментларини чекланган, назорат остидаги ҳуқуқий режимда синовдан ўтказиш имконини берувчи механизм. Амалиётда у регулятор ва бозор иштирокчилари ўртасида мувозанат яратади, яъни инновациялар жорий этилади, бироқ тизимли рисклар чекланади.

Агентлик маълумотларига кўра, «Raiffeisen Bank» Ўзбекистонда хорижий номинал сақловчи (sub-costodian) сифатида иштирок этишни режалаштирмоқда. Бу банк мижозларига Ўзбекистон Республикаси валюта биржаси ва «Тошкент» Республика фонд биржаси орқали сотиб олинган маҳаллий қимматли қоғозларни сақлаш, ҳисобга олиш ва улар бўйича ҳисоб-китобларни амалга ошириш имконини беради.

Амалий жиҳатдан бу қарор хорижий инвесторлар учун энг муҳим тўсиқлардан бирини, яъни активларни сақлаш ва ҳисоб-китоб инфратузилмаси масаласини юмшатади. Халқаро даражадаги sub-custodianнинг иштироки бозор ишончлилиги ва техник шаффофликни оширади.

2026 йилда Ўзбекистон Республикаси Миллий инвестиция жамғармаси (UzNIF) акцияларининг Тошкент ва Лондон фонд майдонларида икки томонлама IPO ўтказилиши режалаштирилган. Очиқ манбаларда келтирилишича, ушбу IPOни ташкил этишда «Raiffeisen Bank International» халқаро молиявий институтлар қаторида иштирок этиши кўзда тутилган.

«Raiffeisen Bank International» Австрия молия бозорини назорат қилувчи Financial Market Authority (FMA) ҳамда Европа Марказий банкининг Ягона назорат механизми (ССМ) доирасида фаолият юритади. Банкнинг сўнгги йиллардаги фаолияти халқаро профессионал ҳамжамият томонидан ижобий баҳоланиб, хусусан, 2025 йилда «Global Custodian» нашри томонидан Марказий ва Шарқий Европа минтақасида «Best Custodian» мукофоти билан тақдирланган. Мазкур эътироф банкнинг сақловчилик ва ҳисоб-китоб инфратузилмаси соҳасидаги тажрибаси ва институционал салоҳиятини акс эттиради.

Президент Фармонига мувофиқ, «тартибга солиш қумдони» доирасида фонд биржалари ва инвестиция воситачиларининг электрон платформаларида хорижий молиявий инструментлар муомаласини ташкил этиш имконияти яратилмоқда.

Хусусан, хорижий индексларга киритилган акциялар, облигациялар, ETFлар ва депозитар тилхатлар савдога чиқарилиши мумкин. Бу жараёнда Марказий депозитарий хорижий базавий активларни корреспондент ҳисобварақлар орқали жойлаштиради, клиринг ва ҳисоб-китоблар эса ягона қоидалар асосида амалга оширилади. «Raiffeisen Bank International» каби институтларнинг иштироки ушбу механизмларнинг амалий ишлашини таъминлашда муҳим институционал омил ҳисобланади.

Г.Бозорова тайёрлади.

Teglar

Mavzuga oid