Рамазон ойида тўғри овқатланиш: муҳим тавсиялар
Ушбу мақолада рўза тутиш мобайнида соғлиққа таъсир кўрсатувчи айрим хатолар, хусусан, нотўғри овқатланиш ҳақида сўз боради.

Рўза тутаман деган одам, аввало, ишонч билан бошлаши керак. Оч юришга чидай олишингизга ишонсангиз бутун ички органларингиз эрталабдан кечгача тановул қилмаслик ҳолатини тушуниб, шу шароитга мос фаолият юритади. Ишончингиз бутун ички аъзоларга шомгача оч юришга сигналдир. Ишончли кучлилиги эса ниятга боғлиқ.
Саҳарлик
Эрталаб уйғонганимиз ҳамоно дастлаб илиқ сувга имкон бўлса бир қошиқ асал аралаштириб ичиб олиб, кейин саҳарликка тайёргарлик кўрилса, 10–15 дақиқадан сўнг еган таомимиз сув билан аралашмасдан ноқулайликлардан қутуламиз.
Саҳарликда бизни асосий ичимлигимиз сув бўлиши лозим, чой ичган тақдирда ҳам имкон қадар уни аччиқ қилиб дамламасдан ичиш лозим.
Қуйидаги маҳсулотлар бизни кун давомида чанқашимизга ва ичган сувимизнинг тезроқ танамизни тарк этишига сабаб бўлиши мумкин:
ёғли маҳсулотлар ва ёғли овқатлар;
меъёридан ортиқ аччиқ чой;
дудланган гўшт маҳсулотлари (колбаса, сосиска ва ҳоказо);
шўр маҳсулотлар;
тузлама маҳсулотлари;
қаҳва ва кофеинга бой маҳсулотлар;
шакарни ҳаддан зиёд кўп истеъмол қилиш;
барча нотабиий кимёвий моддалар аралаштириб тайёрланган озиқ-овқатлар;
лавр (дафна) япроғи, наъматак меваси каби пешоб ҳайдовчи дамламалар.
Энди эса саҳарлик қилиш учун тўрт хил энг фойдали маҳсулотни келтириб ўтамиз.
1. Саҳарликда имкон қадар тез ҳазм бўлмайдиган ва юқори калорияга эга донли маҳсулотларни истеъмол қилиш лозим. Булар: сули бўтқаси, ширгуруч, гречихали овқат ва шу кабилар.
2. Сут маҳсулотларидан творог, йогурт, қатиқ, сметана, ширчой ҳам фойдали ҳамда бу маҳсулотлар билан кун давомида чанқамасдан юришимиз кузатилган.
3. Асал, араб хурмоси, ёнғоқ, мағиз, ўрик туршаги, олча қоқи ва бошқа шу каби қуруқ мевалар.
4. Банан, олма, нок ва бошқа мевалар билан саҳарлик қилиб олиш лозим.
Юқоридаги маҳсулотларни саҳарлик пайтида имкон қадар бир-бирига аралаштирмасдан, алоҳида истеъмол қилиш тавсия қилинади.
Кун давомида
Рўзада одам доим оҳиста ҳаракатда бўлиши керак, ҳаракат ва очлик соғлигимизни тиклашимизга ва мустаҳкамлашимизга икки карра ҳисса қўшади. Ҳаракат қилмасдан фақат ётиб яшаш эса секин-аста юракнинг кам уриши ва организмнинг шунга кўникиб қолишига, ҳолсизланиш ҳолатларига олиб келади.
Саҳарликдан сўнг 4–5 километр пиёда сайр қилиб олиш, ифторликдан кейин эса таровеҳ намозларига қойим бўлиш тавсия қилинади.
Суткасига камида 7 соат ухлаб олиш керак, лекин кундузи оч қоринда ухлашга шароити борларга айтишим мумкинки, бундай уйқуни камида иккига кўпайтириб, ҳисобланг. Яъни кундузги 1,5–2 соатлик уйқу тунги 4–5 соатнинг ўрнини босади. Сабаби —ошқозонимиз тоза ҳолатда эканлигидадир. Кўпроқ пешиндан кейин ухлаб олиш тавсия қилинади.
Ифторлик
Бу пайтда ошқозонимиз ва бутун сезги органларимиз ҳазм қилиш ва таъм сезишга шай туради ва каррасига яхши ишлайди.
Аввал икки дона хурмо ва тахминан 300 мл.гача илиқ ёки уй ҳароратидаги сув билан оғиз очиб оламиз ёки сувни камроқ ичиб, ҳўл мевалардан еб олиб, сўнгра 10–15 дақиқадан кейин овқатланишимиз мумкин. Бу худди автоуловни ҳайдаш учун қиздириб тайёрлашдек, ошқозонимизни овқат ҳазм қилишга шай қилади.
Кечки овқат имкон қадар тез ҳазм бўладиган ва енгил бўлиши лозим ва албатта, барра салатлар, кўкатлар билан бирга истеъмол қилиниши керак.
Овқатланиб бўлиб, тахминан 1 соатдан сўнг яхна ичимликлар, ширинликлар ва бошқа мевалардан истеъмол қилишимиз мумкин.
Кечаси ётишдан бир соат олдин тез ҳазм бўладиган мева ва сабзавотлардан еб олиб, сўнгра ухлашимиз мумкин.
Зарарли одатлар
Саҳарликда меъёридан ортиқ ва тартибсиз овқатланиб бўкиб олиш ўта нотўғри. Бу ёмон одат, ошқозонда муаммолар келтириши билан биргаликда аксинча кун давомида оч ва чанқаб юришингизга ҳам сабаб бўлиши мумкин. Ортиқча вазнга эга одамлар саҳарликда номига мевалардан еб олиб, сувдан тўйиб олишса, шунинг ўзи кун давомида енгил юришларига етарли.
Саҳарликда яхши овқатланиб туриб, шартта чўзилиб ётиш жудаям зарарли. Бу ҳолат ошқозон-ичакларимизнинг иш фаолиятини бузиб, кун давомида бемажол юриш ёки шу билан ошқозонда муаммолар келтириб чиқариб, қийналиб қолишимизга сабаб бўлиши мумкин.
Ифторликда муздек ичимлик билан чанқоқни босиш зарарли одат. Бу нақафат рўзанинг шифобахшлик хусусиятини пасайтиради, балки ифторликда еган овқатимизнинг тез ҳазм бўлишига ҳам тўсқинлик қилади.
Оғиз очган пайтда жуда ҳам кўп сув ичиш одати ҳам иштаҳани бўғиб қўяди. Натижада, яхши овқатлана олмай қоласиз ёки мажбуран овқатланиш натижасида эрталабгача ошқозон дамлаб, еган нарсангиз ҳазм бўлмасдан қийналиб юрасиз.
Овқат пайти мева, ширинликлар, торт, шоколад, газланган ичимликлар қўшиб истеъмол қилиш мумкин эмас. Булар бирга аралашса, ҳазм жараёнини секинлаштириб, бизни қийнаб қўяди.
Рўзанинг янада шифобахш бўлишини ва Рамазонда тетик юришни истасангиз, албатта, фақат табиий егуликлар ва ичимликлар билан таомланиш тавсия этилади.
Рашид Усмонов тайёрлаган маълумотлардан қисқартириб олинди.





