Рамазонда таровеҳ намозларида 20 минг ходим хавфсизликни таъминлайди

17.02.2026 | 07:572 daqiqa

18 феврал куни бошланадиган таровеҳ намозларида мамлакат бўйлаб қарийб бир миллион киши иштирок этиши кутилмоқда. Хавфсизликни таъминлаш учун 20 мингга яқин ходим жалб этилади.

Рамазонда таровеҳ намозларида 20 минг ходим хавфсизликни таъминлайди

Ўзбекистонда муборак Рамазон ойи муносабати билан барча ҳудудлардаги масжидларда таровеҳ намозлари ўтказилади. Биринчи таровеҳ 18 феврал куни соат 20:30 дан кейин бошланиб, республика бўйича икки мингдан ортиқ жоме масжидларида адо этилади. Расмий маълумотларга кўра, ҳар куни тахминан бир миллион нафар фуқаро ва республика меҳмонлари оммавий ибодатларда иштирок этиши режалаштирилган.

Жамоат тартибини сақлаш мақсадида Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан зарур ташкилий чоралар кўрилган. Умуман, тартибни таъминлашга 20 мингга яқин ходим жалб этилади.

Масжидлар атрофи видеокузатув камералари билан жиҳозланган бўлиб, улар ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаментининг Мониторинг ва мувофиқлаштириш марказига уланган. Бу орқали ҳаракатлар онлайн назорат қилинади.

 

Транспорт ва чекловлар

Йўл ҳаракатини тартибга солиш учун 2,5 мингга яқин Йўл-патрул хизмати ходими хизмат қилади. Ҳудудий ҳокимиятлар билан биргаликда масжидлар атрофида айрим кўчаларда вақтинча ҳаракат чекланиши мумкин.

Масжидлар кириш қисмида бетон ва металл тўсиқлар ўрнатилган. 150 метр масофада алоҳида автотураргоҳ ҳудудлари ташкил этилган. Фавқулодда вазият юзага келганда транспорт воситаларини эвакуация қилиш учун 200 дан ортиқ махсус техника тайёр ҳолатда жойлаштирилади.

Патрул гуруҳлари таркибига ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ва жамоатчилик вакиллари киритилиб, автотураргоҳларда тартибни назорат қилади ва ўғриликларнинг олдини олишга қаратилган ишлар олиб боради.

 

Жамоатга мурожаат

Расмийлар фуқароларни белгиланган қоидаларга амал қилишга, ўзаро ҳурмат ва бағрикенглик муҳитини сақлашга чақирмоқда. Рамазон ойи тинчлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланди.

Teglar

Mavzuga oid