add

Рамзон Қодиров ҳокимиятдан «тўйганини» айтди ва кетишни истисно этмади

Bugun 08:295661 daqiqa

Чеченистон раҳбари Рамзон Қодиров тўғридан тўғри эфирда ҳокимиятдан «тўйганини» айтиб, янги одамлар келиши вазиятни яхшилаши мумкинлигини билдирди.

Рамзон Қодиров ҳокимиятдан «тўйганини» айтди ва кетишни истисно этмади

Чеченистон раҳбари Рамзон Қодиров ЧГТРК «Грозний» телеканалида бўлиб ўтган тўғридан тўғри эфир давомида ҳокимиятдан чарчаганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, республика учун янги кучлар ва янги раҳбарлар фойдали бўлиши мумкин.

«Янги кучлар, янги одамлар қизиқарлироқ бўларди. Агар бошқа одамлар келса, вазият яхшиланиши мумкин», — деди Қодиров келгуси йилдаги сайловларда иштирок этиш эҳтимоли ҳақидаги саволга жавоб бера туриб.

У аввалроқ 2026 йилда бўлиб ўтадиган сайловларда иштирок этишга тайёр эканини билдирган эди. Бироқ бу қарор Россия раҳбари томонидан таклиф қилинса ва маҳаллий аҳоли қўллаб-қувватласа, амалга ошишини таъкидлаганди.

Рамзон Қодиров шу йил баҳорда ҳам истеъфога чиқиш истаги борлигини айтган ва ўз лавозимини тарк этишга умид қилаётганини маълум қилган эди. Кейинчалик у бу масалада мустақил қарор қабул қила олмаслигини, истеъфо фақат Россия президенти томонидан қабул қилиниши мумкинлигини изоҳлаган.

Ўзини эса Қодиров «пиёда аскар» деб атаб, берилган буйруқларни бажаришини айтган. Унинг таъкидлашича, қарор қабул қилиш ваколати унга эмас, Кремлга тегишли.

Чеченистон раҳбарининг бу баёноти сўнгги йилларда унинг саломатлиги ва сиёсий келажаги ҳақидаги муҳокамалар кучайган бир пайтда янгради. Расмий жиҳатдан эса Қодиров ўз лавозимида қолмоқда ва республика бошқарувини давом эттирмоқда.

Teglar

Mavzuga oid