Logo

Рақобат қўмитаси «Ҳудудий электр тармоқлари»га нисбатан иш қўзғатди

Kecha 20:462 daqiqa

Бунга тадбиркорлардан электр тармоғига қайта уланиш учун жами 5,5 млрд сўм асоссиз равишда ундирилгани сабаб бўлган.

Рақобат қўмитаси «Ҳудудий электр тармоқлари»га нисбатан иш қўзғатди

Рақобат қўмитаси томонидан «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти ҳамда унинг тизимидаги корхоналарга нисбатан иш қўзғатилди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати маълум қилди.

Хабарда айтилишича, ҳудудий электр тармоқлари корхоналари томонидан тадбиркорлардан тармоққа қайта уланиш учун жами 5,5 миллиард сўм миқдорида асоссиз тўловлар ундирилгани аломатлари аниқланган.

Мазкур қонунбузилиш ҳолатлари Бизнес-омбудсман томонидан Рақобат қўмитасига тақдим этилган маълумотларни таҳлил қилиш жараёнида юзага чиққан.

Маълумотларга кўра, 2025 йил 23 августдан жорий йилнинг февраль ойига қадар республика бўйича тадбиркорлик субъектларидан жами 965 та ҳолатда қайта уланиш учун ноқонуний тўлов ундирилган ҳамда асоссиз даромад олинган.

Бекор қилинган тўловлар ва қонунчилик талаблари

«Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга қаратилган Фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорларига мувофиқ, электр энергиясидан қарздорлик бартараф этилганидан кейин корхоналарни электр тармоғига қайта улаш учун жарима ва қўшимча тўловларни қўллаш бекор қилинган», - дейилади хабарда.

Қўшимча қилинишича, давлат органлари мазкур нормаларнинг қонуности ҳужжатлари қабул қилинишини кутмасдан тўғридан-тўғри амалга оширилишини таъминлаши белгилаб қўйилган.
Ушбу талабларни амалга ошириш мақсадида электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларига тегишли ўзгартиришлар киритилган бўлиб, тармоқдан узиб қўйилган истеъмолчиларни қайта улаш учун ундириладиган барча тўловлар расман бекор қилинган.

Шунга қарамай, ҳудудий электр тармоқлари корхоналари томонидан тўловларни ундириш амалиёти давом эттирилган.

«Айни вақтда мазкур ҳолат манфаатдор давлат органлари иштирокида ҳар томонлама ўрганилиб, ҳуқуқий баҳо берилмоқда», — дея қайд этади Рақобат қўмитаси матбуот хизмати.

Қўмита томонидан ишни кўриб чиқиш якунлари юзасидан қўшимча маълумот тақдим этилиши билдирилди.

Teglar

Mavzuga oid