Разведка Хитой сунъий интеллектининг яширин таҳдидини аниқлади

Kecha 22:402 daqiqa

«DeepSeek» узоқ ўтмишга оид масалаларда нейтрал жавоблар беради, аммо ҳозирги замонга яқинлашган сари жавоблар борган сари мужмал тус олади.

Разведка Хитой сунъий интеллектининг яширин таҳдидини аниқлади

Хитой ишлаб чиққан сунъий интеллект моделлари Ғарб ахборот майдонига бузиб кўрсатилган дунёқарашни сингдиришга интилмоқда. Бу ҳақда Эстония разведкаси маълум қилди.

Қайд этилишича, ушбу мақсадга эришиш воситаларидан бири — бутун дунё бўйлаб шиддат билан тарқалаётган «DeepSeek» сунъий интеллект тизимидир.

Разведка хизматининг таъкидлашича, Эстония хавфсизлигига оид масалалар муҳокама қилинганда, «DeepSeek» муҳим маълумотларни яширади ва ўз жавобларига Хитой ташвиқотини қўшиб юборади.

Фақат Тибет ёки уйғурлар эмас: муаммо каттароқ

Таъкидланишича, Ғарбда кўпчилик «DeepSeek» томонидан амалга оширилаётган бузиб кўрсатишлар фақат Тибет, инсон ҳуқуқлари, Тайван, Тянанмен майдонидаги воқеалар ва уйғурлар масаласи каби мавзулар билан чекланади деб ҳисоблайди. Бироқ воқелик анча мураккаброқ.

Эстония билан боғлиқ мавзулар таҳлил қилинганда аниқ алгоритмик қонуният кўзга ташланади: узоқ ўтмишга оид масалаларда «DeepSeek» жавоблари нейтрал. Аммо ҳозирги замонга яқинлашган сари жавоблар борган сари мафкуравийлашиб, мужмал ва ноаниқ тус олади.

Эстония мисолида аниқланган тенденция

Агар Эстония Ташқи ишлар вазирлиги қачонлардир Хитойни танқид қилганми деб сўралса, «DeepSeek» ўзаро манфаатли икки томонлама муносабатлар ҳақида силлиқланган дипломатик баёнот беради. Бунда ҳар қандай танқидий фикр эъбордан четда қолади. Ваҳоланки, Ғарбнинг сунъий интеллект тизимлари сўнгги йилларга оид аниқ мисолларни келтира олади.

«DeepSeek»нинг цензура қилинган ахборот майдони хавф туғдиради. Бу хатарлар шунчаки Хитойнинг ички нозик масалаларини четлаб ўтиш билан чекланиб қолмайди; улар Эстония хавфсизлиги учун муҳим бўлган маълумотларни яшириш ҳамда Хитойнинг расмий ташвиқотини тарғиб қилишни ҳам ўз ичига олади», — дейилади хабарда.

Хулоса қилиб, буларнинг барчаси Пекиннинг Ғарб ахборот майдонига Хитой томонидан шакллантирилган дунёқарашни сингдиришга интилаётганини кўрсатиши айтилган.

Teglar

Mavzuga oid