add

Рекорд сакраш: Ўзбекистон дунёнинг ТОП-10 рақамли давлатлари қаторига кирди

Bugun 19:385612 daqiqa

Ўзбекистон рақамли бошқарув соҳасида дунёнинг энг илғор мамлакатларини ортда қолдириб, Жаҳон банкининг GovTech Maturity Index (GTMI) 2025 рейтингида 9-ўринни эгаллади.

Рекорд сакраш: Ўзбекистон дунёнинг ТОП-10 рақамли давлатлари қаторига кирди

Ўзбекистон GovTech индексида 71 поғона юқорилаб, дунёнинг ТОП–10 давлати қаторидан жой олди. Бу ҳақда Uzcosmos агентлиги хабар берди.

Жаҳон банки томонидан эълон қилиб бориладиган Давлатларнинг технологик етуклик индекси (GovTech Maturity Index, GTMI) 2025 натижаларига кўра, Ўзбекистон 9-ўринни эгаллаган.

2020 йилга нисбатан мамлакат 71 поғонага юқорилаб, индекс қийматини 0,617 дан 0,958 га етказган. Натижада Ўзбекистон А гуруҳи — «GovTech'нинг юқори даражадаги етуклиги» (Extensive GovTech Maturity) тоифасида ўз ўрнини мустаҳкамлади.

Индекс давлат бошқарувида рақамли трансформация даражасини тўртта йўналиш бўйича баҳолайди: асосий давлат тизимлари, онлайн давлат хизматларини кўрсатиш, фуқароларнинг рақамли иштироки ҳамда GovTech ривожланишини қўллаб-қувватловчи омиллар.

2025 йилги натижаларга кўра, Ўзбекистон Марказий Осиёда 1-ўринни эгаллади. Шунингдек, рейтингда юқори ўринни эгаллаган ТОП-10 мамлакатлар – Жанубий Корея, Австралия, Ҳиндистон, Канада каби давлатлар қаторидан жой олди.

Шунингдек, GTMI натижалари Ўзбекистоннинг сўнгги йилларда изчил ўсиш динамикасини яққол намоён этади. Хусусан, 2020 йилда мамлакатимиз 80-ўринда (0,617 балл) қайд этилган бўлса, 2022 йилда 43-ўринга (0,813 балл) кўтарилган, 2025 йилда эса 9-ўринни (0,958 балл) эгаллаган.

«Мазкур кўрсаткичлар мамлакатимизда давлат бошқарувини рақамлаштириш, электрон давлат хизматларини кенг жорий этиш ҳамда фуқаролар учун қулай ва самарали рақамли давлат тизимини шакллантириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасини яна бир бор тасдиқлайди», - дейилади хабарда.

Teglar

Mavzuga oid