add

Россия «AZAL» бўйича терговни тўхтатди. Озарбойжон ташвишда

Kecha 17:092 daqiqa

Жейхун Байрамовнинг айтишича, самолёт эҳтимол РФ ҳаво мудофааси томонидан уриб туширилган ва бундай қарор Боку томонида жиддий саволлар уйғотмоқда.

Россия «AZAL» бўйича терговни тўхтатди. Озарбойжон ташвишда

Россия Тергов қўмитаси 2024 йилда ҳалокатга учраган «Azerbaijan Airlines» (AZAL) самолёти бўйича жиноят ишини тугатди. Бу ҳақда Озарбойжон ОАВлари мамлакат ТИВ раҳбари Жейҳун Байрамовга таяниб хабар бермоқда .

Озарбойжон Ташқи ишлар вазирининг маълум қилишича, Бокуга Россия Тергов қўмитаси раиси Александр Бастрикиндан тергов тўхтатилгани тўғрисида расмий хат келган ва бу ҳолат Озарбойжон томонини қаттиқ ташвишга солган.

2024 йилнинг 25 декабрида Бокудан Грознийга учаётган «Embraer E190» самолёти Россия ҳаво ҳудудида шикастланиб, Қозоғистоннинг Оқтау шаҳри яқинида қулаган эди. Мазкур фожиа оқибатида бортдаги 67 кишидан 38 нафари ҳалок бўлган, қолганлари турли даражадаги жароҳатлар олган.

Қозоғистон Транспорт вазирлиги томонидан эълон қилинган оралиқ ҳисоботда самолёт корпусидаги тешиклар жанговар снаряд парчалари таъсирида юзага келган бўлиши мумкинлиги қайд этилган. Омон қолган йўловчилар Грозний осмонида портлаш овозларини эшитишгани ва шундан сўнг самолёт бошқарувида муаммолар юзага келганини билдиришган.

Озарбойжон ҳукумати самолётга ташқи техник таъсир ўтказилган, яъни у ракета билан уриб туширилган деган версияда қатъий турибди.

Дастлабки маълумотларга кўра, фожиа юз берган куни Россия ҳаво ҳудудида Украина дронлари ҳужуми қайд этилган ва Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа (ҲҲМ) тизимлари ишга тушган. Россия Президенти Владимир Путин октябр ойида самолёт яқинида иккита Россия ракетаси портлаганини тан олган эди. Бироқ, Москва самолёт айнан Россия ҲҲМ тизимлари томонидан уриб туширилганини тўғридан-тўғри тан олмаяпти ва жиноий терговни тўхтатишга қарор қилди.

Озарбойжон Президенти Илҳом Алиев Россиядан воқеа учун масъулиятни тўлиқ ўз зиммасига олишни, айбдорларни жазолашни ва қурбонларнинг оилаларига товон пули тўлашни талаб қилмоқда.

Боку версиясига кўра, самолёт дастлаб радиоэлектрон кураш воситалари билан ишдан чиқарилган, сўнгра ердан ўққа тутилган. Терговнинг тўхтатилиши икки давлат ўртасидаги дипломатик муносабатларда кескинликни келтириб чиқарганди.

Фожиадан сўнг Владимир Путин Украина дронлари ҳужумини қайтариш вақтида самолёт яқинида Россиянинг икки ракетаси портлаганини тан олиб, Илҳом Алиевдан узр сўраган бўлса-да, Москва ҳалокат учун жавобгарликни тўлиқ зиммасига олмади. Ўз навбатида, Озарбойжон Президенти самолёт корпусидаги шикастланишлар ташқи таъсирни тасдиқлашини таъкидлаб, Россиядан айбдорларни жазолашни ва товон пули тўлашни талаб қилди; Боку версиясига кўра, ҳаво кемаси дастлаб радиоэлектрон кураш воситалари билан ишдан чиқарилиб, сўнг ердан ўққа тутилган.

Teglar

Mavzuga oid