
Россия бакалавр ва магистратура тизимидан воз кечмоқда
2026 йилдан Россия университетларида таълим тизими тубдан янгиланиб, анъанавий бакалавр ва магистратура босқичма-босқич бекор қилинади.

Россияда олий таълим тизими 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб босқичма-босқич ислоҳ қилинади. Таълим ва фан вазирлиги маълум қилишича, мамлакат университетлари бакалавриат ва магистратурани ўз ичига олган Болоня тизимидан тўлиқ воз кечади. Янгиланган модел миллий иқтисодиёт эҳтиёжларига мос, амалий йўналтирилган кадрлар тайёрлашни мақсад қилади.
Янги тизимга мувофиқ, олий таълим икки асосий форматда ташкил этилади. Базавий олий таълим 4 йилдан 6 йилгача давом этади ва умумий касбий тайёргарликни қамраб олади. Иккинчи босқич — иxтисослашган олий таълим бўлиб, у 1 йилдан 3 йилгача мўлжалланган ва муайян касбий, бошқарув ёки илмий йўналишда чуқур билим беришга қаратилган.
Аспирантура эса алоҳида мақомга эга мустақил касбий таълим босқичи сифатида сақлаб қолинади. Бу босқич илмий-тадқиқот фаолияти билан шуғулланувчи мутахассислар тайёрлашга йўналтирилади. Расмийлар таъкидлашича, амалда ўқиётган талабалар учун ўтиш жараёни кескин бўлмайди.
Янги тизим қачондан амал қилинади
Вазирликнинг маълумотига кўра, янги тизим аввало етакчи олий ўқув юртларида жорий этилади. 2027–2028 ўқув йилидан эса у тўлиқ кучга кириб, муассис ёки мулкчилик шаклидан қатъи назар, Россиядаги барча университетларни қамраб олади.
Давлат Думаси вакиллари таъкидлашича, ислоҳотлар натижасида «бакалавр» ва «магистр» атамалари бекор қилинади. Базавий таълимни тугатган битирувчиларга эса давлат бюджети ҳисобидан молиялаштириладиган иш ўринлари учун танловларда иштирок этиш ҳуқуқи берилади. Бу қарор 2022 йилдан кейин қабул қилинган умумий таълим сиёсатининг давоми сифатида баҳоланмоқда.





