Россия чегаралари яқинида ядро қуроли пайдо бўлиши мумкин

Bugun 08:302 daqiqa

Литва Вашингтон билан ўз ҳудудида ядро қуролини жойлаштириш эҳтимолини муҳокама қилмоқда.

Россия чегаралари яқинида ядро қуроли пайдо бўлиши мумкин

Литва ўз ҳудудида АҚШнинг ядро қуролини жойлаштириш имконияти бўйича Вашингтон билан музокаралар олиб бормоқда. Бу ҳақда мамлакат миллий мудофаа вазири Робертас Каунас маълум қилди.

«Financial Times» нашрининг ёзишича, АҚШ НАТОнинг айрим Европа давлатларида ядро қуроли инфратузилмасини кенгайтириш вариантларини кўриб чиқмоқда.

Нашр манбаларига кўра, гап ядровий ўқ-дориларни ташиш имкониятига эга Америка ҳарбий самолётларини жойлаштириш ҳақида бормоқда. Литва ҳам эҳтимолий иштирокчилар қаторида тилга олинган.

«Литва, албатта, бу жараёндан четда қолмайди», — деди Каунас.

Конституциявий тўсиқ

Айни пайтда Литва Конституцияси мамлакат ҳудудида оммавий қирғин қуролларини жойлаштиришни тақиқлайди.
Шунга қарамай, мамлакат президенти Гитанас Науседа геосиёсий вазиятни инобатга олган ҳолда асосий қонунга тегишли ўзгартиришлар киритиш ташаббуси билан чиққан.

Ҳозирда АҚШнинг ядро қуролини ташишга қодир самолётлари Белгия, Германия, Италия, Нидерландия, Туркия ва Буюк Британиядаги ҳарбий базаларда жойлаштирилган.

Буюк Британия эса НАТО доирасидаги иштирокидан ташқари ўз миллий ядро арсеналига ҳам эга давлат ҳисобланади.

Минтақадаги ҳарбий кескинлик

Литва Беларус билан чегарадош бўлиб, Минск ва Москва ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик сўнгги йилларда кучайган.

Май ойида Россия ва Беларус ҳарбийлари тактик ядро қуролидан фойдаланиш сценарийларини ўз ичига олган қўшма машғулотлар ўтказган эди. Машғулотларни Россия президенти Владимир Путин ва Беларус раҳбари Александр Лукашенко масофадан туриб кузатган.

Шунингдек, Литва Россиянинг Калининград области билан ҳам чегарадош ҳисобланади.

Teglar

Mavzuga oid