add

Россия ҳисоботида Туркия Марказий Осиёда кучаяётгани қайд этилди

Bugun 08:282 daqiqa

Россия таҳлилчилари Туркиянинг Марказий Осиёда иқтисодий ва институционал таъсири тизимли равишда кенгаяётганини қайд этмоқда.

Россия ҳисоботида Туркия Марказий Осиёда кучаяётгани қайд этилди© Foto: Prezident matbuot xizmati

Россиянинг энг нуфузли таҳлил марказларидан бири — Жаҳон иқтисодиёти ва халқаро муносабатлар институти (IMEMO) тайёрлаган сўнгги ҳисобот Туркиянинг Марказий Осиёдаги ўрни Москва нуқтайи назаридан қандай қабул қилинаётганини ёритади. Ҳужжатда Анқаранинг энергия, савдо ва логистикага таянаётган иқтисодий ташаббуслари минтақа учун янги геосиёсий вазн марказини шакллантираётгани таъкидланади. Россия бу жараённи очиқ рақобат эмас, балки эҳтиёткор кузатув сиёсати орқали баҳоламоқда, деб ёзмоқда Туркиянинг «Haber Global» нашри.

Ҳисоботда Туркиянинг Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги роли алоҳида ўрин эгаллайди. Ташкилотнинг «Туркий дунё — 2040» концепцияси минтақавий интеграцияни чуқурлаштиришга қаратилган бўлиб, унинг халқаро майдондаги асосий мақсади БМТда кузатувчи мақомини қўлга киритиш ҳисобланади. IMEMO таҳлилчилари бу жараённи техник эмас, балки сиёсий характерга эга стратегик ҳаракат сифатида баҳолайди.

Россия учун яна бир сезиларли омил — ТДТ билан Москва етакчилик қиладиган Евроосиё иқтисодий иттифоқи ўртасидаги яширин рақобатдир. Россия дипломатик доираларида ТДТнинг халқаро легитимликка эришиши Евроосиё маконидаги кучлар мувозанатига узоқ муддатли таъсир кўрсатиши мумкинлиги қайд этилмоқда.

Туркиянинг минтақага кириб боришида Туркманистон билан муносабатлар муҳим мисол сифатида келтирилади. Узоқ вақт бетарафлик сиёсатига амал қилган Ашхобод иқтисодий заифликлар ва энергия экспортидаги чекловлар сабаб янги ҳамкорлар излашга мажбур. Туркия эса туркман газини Европа бозорларига олиб чиқишда эҳтимолий транзит йўли сифатида кўрилмоқда.

IMEMO ҳисоботига кўра, Анқара 1990-йиллардаги маданий риторикадан воз кечиб, 2000-йиллардан бошлаб прагматик иқтисодий йўлни танлади. Энергетика, инфратузилма ва логистика соҳаларидаги аниқ лойиҳалар Туркияни Россия ва Хитойга нисбатан «мувозанатловчи ўйинчи»га айлантирмоқда.

Ҳисоботнинг умумий руҳи Туркияга нисбатан очиқ қаршиликни эмас, балки эҳтиёткор мониторингни акс эттиради. Россия стратегик доиралари ТДТнинг институционал чуқурлашуви ва Туркиянинг энергияга таянаётган таъсирини Евроосиё келажаги учун муҳим омил сифатида диққат билан кузатишда давом этмоқда.

Teglar

Mavzuga oid