add

Россия Марказий Осиё ва Озарбойжон Маслаҳат учрашувига қўшилмоқчи

Kecha 21:398162 daqiqa

Аслида, бу учрашув орқали Марказий Осиё ўз муаммоларини «катта оға»сиз муҳокама қилишни бошлаган эди.

Россия Марказий Осиё ва Озарбойжон  Маслаҳат учрашувига қўшилмоқчи

Россия Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари ва Озарбойжоннинг маслаҳат учрашувлари форматига унинг қўшилиш имкониятини кўриб чиқиш мантиқан тўғри деб ҳисоблайди, бу қадам мувофиқлашувни мустаҳкамлашга ва янада инклюзив хавфсизлик архитектурасини яратишга ёрдам беради. Бу ҳақда Россия Федерациясининг Тожикистондаги элчихонаси биринчи котиби Алексей Зенько Душанбеда бўлиб ўтган «Евроосиё маркази давлатлари «интеграциялар интеграцияси» жараёнида: устуворликлар, туташув хусусияти, имкониятлар» мавзусидаги халқаро илмий конференцияда сўзлаган нутқида баён этди.

«Биз Марказий Осиё бешлиги форматининг шаклланишини катта қизиқиш билан кузатмоқдамиз. [Минтақа давлатлари раҳбарларининг] маслаҳат учрашувларига Озарбойжоннинг қўшилиши тўғрисидаги қарорни эътироф этамиз. Ва Россиянинг Марказий Осиё минтақасига географик ва тарихий яқинлигини, шунингдек, ривожланган иқтисодий ва транспорт алоқаларини ҳисобга олган ҳолда, Россияни ушбу форматга жалб қилиш имконияти ҳақида ўйлаб кўриш мантиққа тўғри келади деб ҳисоблаймиз. Бу мувофиқлашувни мустаҳкамлашга, интеграцияга кўмаклашишга ва минтақа мамлакатларининг мустақиллигини сақлаган ҳолда янада инклюзив хавфсизлик архитектурасини яратишга ёрдам берган бўларди», - деган Зенко.

Унинг қўшимча қилишича, бу жараёнлар, шубҳасиз, Марказий Осиёда ва умуман Евроосиё маконида ҳамкорликни, хавфсизликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Маълумот учун, шусиз ҳам «Марказий Осиё – Россия» форматидаги саммит доимий ўтказилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, ноябр ойида Тошкентда Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи маслаҳат учрашуви якунларига кўра, Озарбойжон етакчиси Илҳом Алиев иштирокида Бокунинг ушбу формат ишида тўлақонли иштирок этиши тўғрисида қарор қабул қилинган эди. Минтақа давлатлари раҳбарларининг мунтазам маслаҳат учрашувларини ўтказиш ташаббусини Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил сентябр ойида БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида илгари сурган эди. Биринчи бундай учрашув 2018 йил март ойида Қозоғистонда бўлиб ўтган.

Минтақа давлатлари ўз муаммоларини «катта оға»сиз муҳокама қилишни бошлаган.|

Teglar

Mavzuga oid