add

Россия Олий суди Лариса Долинанинг квартираси масаласида қарор чиқарди

Bugun 08:386362 daqiqa

Россия Олий суди Лариса Долина даъво аризасини рад этиб, квартирага мулк ҳуқуқини харидор Полина Лурйеда қолдирди ва ишни апелляцияга қайтарди.

Россия Олий суди Лариса Долинанинг квартираси масаласида қарор чиқарди

Россия Федерацияси Олий суди хонанда Лариса Долинага тегишли бўлган квартира бўйича даъво ишида якуний қарор чиқарди. Суд харидор Полина Лурйенинг ҳуқуқларини қондириб, квартирага мулк ҳуқуқини унда қолдирди ҳамда Долинанинг даъвосини рад этди, деб хабар бермоқда «Медуза» нашри.

Шу билан бирга, суд Долинани квартирадан мажбурий чиқариш масаласини янги кўриб чиқиш учун апелляция инстанциясига юборди. Шу пайтгача хонанда ушбу уйда яшаб келаётган эди.

Россия халқ артисти Лариса Долина фирибгарлар тузоғига тушган ва ўз номида бўлган квартирани Полина Лурйега сотган. Лурйе квартирани ипотека кредити расмийлаштириб харид қилган. Аввалроқ биринчи инстанция суди ҳамда Москва шаҳар суди Долина фирибгарлар таъсири остида квартира сотганини рўкач қилиб, квартирани унга қайтариш тўғрисида қарор чиқарган эди. Улар квартирани сотиш битимини ҳақиқий эмас деб топиб, хонандани мулк эгаси сифатида тан олган. Шунингдек, судлар Долина харидордан олган пулларни фирибгарларга топширгани сабабли, маблағни Полина Лурйега қайтармасликка ҳам рухсат берган эди.

Бу қарор жамоатчиликда кескин эътирозларга сабаб бўлган. Кўплаб кузатувчилар харидор инсофли экани ва қонуний равишда квартира сотиб олганига қарамай, ҳам уйдан, ҳам пулдан маҳрум бўлганини адолатсиз, деб баҳолаган. Ижтимоий тармоқларда Лариса Долинага нисбатан танқид кучайиб, айрим фойдаланувчилар хонандадан «воз кечиш» чақириқларини илгари сурган.

Кучли жамоатчилик босими фонида Лариса Долина кейинчалик Полина Лурйега квартира учун тўланган маблағни ихтиёрий равишда қайтаришга тайёр эканини билдирган эди. Бироқ Олий суд қарори билан битим қонуний деб топилиб, квартирага мулк ҳуқуқи харидор томонида қолди.

Ушбу қарор Россия суд амалиётида мулк ҳуқуқи, фирибгарлик оқибатлари ва харидорларнинг ҳуқуқий ҳимояси масалаларида муҳим прецедент сифатида баҳоланмоқда. Иш шу даражага бориб етдики, иккиламчи бозордаги квартиралар олди-сотдисида пенсионерларга тегишли квартиралар сотувида қийинчилар вужудга кела бошлади.

Teglar

Mavzuga oid