Logo

АҚШда ўзбекистонлик эркак 12 млн долларлик юкларни ўғирлашда айбланмоқда

Bugun 11:263 daqiqa

Гумонланувчилар ўзларини аввалги компания эгалари сифатида кўрсатиб, ушбу бизнесларнинг бозордаги обрўси ва ишончидан фойдаланган. Шу йўл билан улар юк ташиш бўйича шартномаларни қўлга киритган. Ҳужжатларда қозоғистонлик хонанданинг исми ҳам тилга олинган.

АҚШда ўзбекистонлик эркак 12 млн долларлик юкларни ўғирлашда айбланмоқда © kazpravda.kz

АҚШда 12 миллион доллардан ортиқ қийматдаги юкларни ўғирлашда гумонланаётган Ўзбекистон фуқароси федерал судда иштирок этди. Унга жиноий тил бириктириш айблови қўйилган, бироқ у ўз айбини тан олмаган.

Ню-Ҳейвен шаҳридаги федерал катта ҳакамлар ҳайъати 33 ёшли Нурсултон Иззатуллоевич Ҳайдаровга нисбатан айблов хулосасини 22-сентябр куни чиқарган. Агар у судда айбдор деб топилса, беш йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Коннектикут округи бўйича АҚШ прокуратураси маълумотларига кўра, Ҳайдаров юк ташиш билан боғлиқ бир қатор ўғирликларга алоқадор жиноий гуруҳ фаолиятида иштирок этганликда гумонланмоқда. Суд ҳужжатлари ва расмий баёнотларда айтилишича, АҚШдаги Миллий хавфсизлик бўйича махсус ишчи гуруҳ Калифорния ва бошқа штатларда содир этилган юк ўғирликларини тергов қилмоқда.

Терговчиларнинг таъкидлашича, 2025-йилнинг сентябридан бошлаб Хайдаров ва унинг гумон қилинаётган шериклари бир нечта юк ташиш компанияларини сотиб олган ёки уларни бошқариш ҳуқуқини қўлга киритган. Шундан сўнг улар компанияларнинг АҚШ Транспорт вазирлигидаги рўйхат рақамлари, ташувчиларни идентификация қилиш рақамлари, электрон почта манзиллари ва компания эгаларининг шахсий маълумотларини ўз назоратига олган.

Прокуратурага кўра, гумонланувчилар ўзларини аввалги компания эгалари сифатида кўрсатиб, ушбу бизнесларнинг бозордаги обрўси ва ишончидан фойдаланган. Шу йўл билан улар юк ташиш бўйича шартномаларни қўлга киритган.

Юк ташиш брокери билан штатлараро юкни етказиб бериш бўйича келишув тузилганидан кейин ҳайдовчи юкни омбор ёки тақсимлаш марказидан олиб кетган. Бироқ прокуратура маълумотларига кўра, кўплаб юклар белгиланган манзилга етказилмаган ва ўғирланган деб қайд этилган. Айрим ҳолларда гумонланувчилар ўғирланган товарларни қайтариш эвазига пул талаб қилган.

Айблов хулосасида Ҳайдаров АҚШда доимий яшаш ҳуқуқига эга бўлгани ва Ню-Жерси штатида берилган амалдаги тижорат ҳайдовчилик гувоҳномасига эга экани қайд этилган.

Шунингдек, у бошқа шахслар номига расмийлаштирилган сохта ҳайдовчилик гувоҳномаларини ҳам сақлаганликда гумонланмоқда. Ҳужжатларда Саид Маҳмударов, Рустам Мавлонов, Дмитрий Аганин, Роман Смиров ва Қайрат Нуртас (қозоғистонлик хонанда) исмлари кўрсатилган.

Прокуратуранинг таъкидлашича, ушбу гувоҳномаларда Хайдаровнинг сурати акс этган, аммо юз қиёфаси ўзгартирилган. Тергов маълумотларига кўра, жиноий гуруҳ фаолияти камида 24 та юк партиясининг ўғирланиши билан боғлиқ бўлган. Ўғирланган юклар орасида қаттиқ дисклар, стерео ускуналар, кийим-кечак, электроника, компютер жиҳозлари, озиқ-овқат маҳсулотлари, никотин маҳсулотлари ва бошқа қимматбаҳо товарлар бўлган.

Ҳайдаровга бевосита алоқадор деб кўрсатилаётган ўғирликлар оқибатида етказилган зарар 12 миллион доллардан ошиши тахмин қилинмоқда.

Ҳайдаров 1-июн куни Калифорния штатидаги Онтарио шаҳрида федерал жиноий иш доирасида қўлга олинган. У ҳибсга олинганидан буён қамоқда сақланмоқда. 21-октябр куни судда иштирок этиши учун Брижпорт шаҳрига олиб борилган.

Прокурорлар Ҳайдаровнинг айби судда тўлиқ исботланмагунча у айбсиз деб ҳисобланишини таъкидламоқда. Ишни Федерал тергов бюроси АҚШ Транспорт вазирлиги Инспектор бошқармаси, Солиқ хизмати жиноий тергов бўлими, Миллий хавфсизлик вазирлигининг тергов бошқармаси ҳамда Калифорниядаги Фуллертон ва Онтарио шаҳарлари полицияси билан ҳамкорликда олиб бормоқда.

Teglar

Mavzuga oid