Россия Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистонга газ узатишни 15 фоизга оширгани маълум қилинди
10.10.2025 | 08:223 daqiqa
«Газпром» раҳбари Алексей Миллернинг маълум қилишича, 2025 йил бошидан Россия Марказий Осиёнинг уч давлатига газ экспортни 15 фоизга оширган.

Россия 2025 йил бошидан буён Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистонга табиий газ етказиб бериш ҳажмини 15 фоизга оширди. Бу ҳақда «Газпром» бошқарув раиси Алексей Миллер Санкт-Петербург халқаро газ форумидаги пленар сессияда маълум қилди.
Миллернинг таъкидлашича, Марказий Осиё мамлакатларида иқтисодий ўсиш суръатлари юқори бўлиб, яқин беш-олти йил ичида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон иқтисодиёти умумий ҳисобда 60 фоизга ўсиши мумкин. Бу эса энергия ва газ истеъмолининг кескин кўпайишига олиб келиши кутилмоқда.
«Биз 2025 йилнинг саккиз ойлик натижаларини ўтган йилнинг шу даври билан таққосладик. Марказий Осиёга, яъни Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистонга россиялик газ етказиб бериш ҳажми 15 фоизга ошди. Бу катта кўрсаткич», — деди Миллер.Шунингдек, у Хитойга йўналтирилган «Сибир қудрати-2» магистрал газ қувурини Марказий Осиё мамлакатларига газ етказиб беришни кўпайтиришдаги муҳим омил сифатида тилга олди. Маълумот учун, жорий йилнинг дастлабки саккиз ойида Ўзбекистон Туркманистон ва Россиядан газ импорт ҳажмини 27,9 фоизга қисқартирган — миқдор 885,9 млн долларни ташкил этди. Шундан апрелдан буён ойлик импорт 100 млн доллардан ошиб, июнда эса рекорд даража — 286,3 млн долларга етган.





