
Россия разведкаси музлатилган активларни сақлаб қолиш учун белгиялик сиёсатчиларни қўрқитишга ўтди — The Guardian
Европа махсус хизматларининг маълумотларига кўра, ушбу ҳаракат мамлакат раҳбарларига ва «Euroclear»нинг асосий шахсларига қаратилган. Хусусан, Euroclear'нинг бош директори Валери Урбен таҳдидларга учраган.

Россия разведкаси Украина фойдасига музлатилган рус активларини ишлатишга йўл қўймаслик мақсадида Белгия сиёсатчилари ҳамда молия ташкилотлари раҳбарларини қўрқитиш кампаниясини ташкил қилди. Бу ҳақда The Guardian нашри Европа махсус хизматлари маълумотларига таяниб хабар бермоқда.
Махсус хизматлар маълумотига кўра, ушбу босим кампанияси мамлакат раҳбарлари ва Euroclear (Россия активларининг катта қисми сақланадиган Белгия депозитарийси) тизимидаги асосий шахсларга қаратилган. Хусусан, Euroclear бош директори Валери Урбен ҳам шундай таҳдидларни қабул қилган.
The Guardian суҳбатдошлари бўлган европалик амалдорлар бу ҳаракатлар ортида Россия ҳарбий разведкаси (ГРУ) турганига ишонч билдирмоқда, бироқ бундай хулосага қандай келингани очиқланмаган. Қўрқитиш кампанияси айнан қандай усулларда олиб борилгани ҳақида ҳам нашрда батафсил маълумот берилмаган.
Euroclear вакиллари вазият юзасидан изоҳ беришни рад этди. «Ҳар қандай потентциал таҳдидларї биринчи навбатда кўриб чиқилади ва ҳукуматнинг тегишли кўмаги билан синчковлик билан текширилади», — дея маълум қилди депозитарий вакили.
2025 йил март ойида EUobserver, De Morgen, Ҳумо ва Le Monde нашрлари ҳамкорликда ўтказган суриштирувда қайд этилишича, Euroclear ўз бош директори Валери Урбен ва ижроия кенгашининг яна етти нафар аъзосини ҳимоя қилиш учун Франциянинг Amarante хусусий қўриқлаш компанияси билан шартнома имзолаган.
2022 йилда Россиянинг Украинага бостириб кириши ортидан Ғарб мамлакатларида Россия Марказий банкининг қарийб 260 миллиард евролик активлари музлатиб қўйилган эди. 2025 йил сентабр ойи бошида Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляен музлатилган активларни гаровга қўйган ҳолда Украинага 140 миллиард евро миқдорида «репарация кредити» бериш ғоясини илгари сурди. Ушбу кредит уруш тугагач, Россия етказилган зарарни қоплаганидан сўнг сўндирилиши кўзда тутилган. Бироқ Белгия ҳуқуқий жавобгарлик ва суд даъволаридан хавфсираб, бу режага қарши чиқмоқда.





