
Россия Украинанинг Лвив областини «Орешник» билан нишонга олди
Россия мудофаа вазирлиги Лвив областидаги зарбани Путиннинг Валдай вароргоҳига қилинган дрон ҳужумига жавоб деб атади ва «Орешник» қўлланганини билдирди.

Россия Қуролли кучлари Украинанинг Лвив областидаги муҳим инфратузилма объектларига баллистик ракета зарбаси берди. Бу ҳақда шаҳар мэри Андрей Садовой маълум қилди. Унинг айтишича, ҳаво ҳужуми ҳақида огоҳлантиришдан сўнг шаҳарда кетма-кет портлашлар эшитилган, кейин эса муҳим инфратузилма объектига зарба берилгани аниқланган. Ҳозирча қурбонлар ҳақида расмий маълумот йўқ.
Украина Қуролли кучларининг ҳаво кучлари «Ғарб» қўмондонлиги 8 январ куни соат 23:47 да Россия томонидан баллистик ракета қўлланганини тасдиқлади. Қайд этилишича, ҳаво мақсади тахминан соатига 13,5 минг километр тезликда баллистик траектория бўйлаб ҳаракатланган. Ракета тури унинг парчалари тўлиқ ўрганилгандан сўнг аниқланади.
Ҳаво кучлари коммуникациялар бошқармаси раҳбари Юрий Игнат ракета Капустин Яр полигонидан учирилган бўлиши мумкинлигини билдирди. Унинг сўзларига кўра, Лвив областида портлашлар айнан шу ҳудуддан учирилган баллистик ракетадан кейин қайд этилган.
Россия Мудофаа вазирлиги эса 9 январ тонги баёнотида ушбу зарбани «Киев томонидан Путин қароргоҳига қилинган ҳужумга жавоб» деб атади. Вазирлик маълумотига кўра, Украина ҳарбий-саноат мажмуаси фаолиятини таъминловчи энергетика инфратузилмаси ҳамда дронлар ишлаб чиқариш объектлари нишонга олинган. Россия томони «Орешник» ракета тизими қўлланганини ҳам маълум қилди.
Аввалроқ Россия ушбу экспериментал баллистик тизимни 2024 йил ноябрда Днипро шаҳридаги «Южмаш» заводига қарши қўллаган эди. Ўша пайтда Владимир Путин буни Ғарбнинг узоқ масофали ракеталари билан берилган зарбаларга жавоб деб изоҳлаган.
Декабрь ойида эса Россия Украина дронлари Валдайдаги қароргоҳга ҳужум қилганини иддао қилди, аммо бу маълумот далилламади. Доналд Трамп эса кейинчалик бу ҳужумга ишонмаслигини айтган.





