Россияда ўзбекистонлик намоз ўқигани учун мамлакатдан чиқариб юборилди

19.02.2026 | 21:001 daqiqa

Суд маълумотларига кўра, у ҳар куни беш маҳал намоз ўқиган.

Россияда ўзбекистонлик намоз ўқигани учун мамлакатдан чиқариб юборилди

Россиянинг Нижневартовск суди ётоқхонада беш маҳал намоз ўқиган Ўзбекистон фуқаросини жаримага тортди ва мамлакатдан чиқариб юбориш ҳақида қарор чиқарди. Бу ҳақда «Коммерсант» суд (Ханти-Мансийск автоном округи — Югра) қарорига таяниб, хабар берди.

Аниқланишича, эркак вахта усулида ишлаган ва ишлаб чиқариш базалари ҳудудидаги ётоқхонада яшаган. У яшаш жойида ҳар куни беш маҳал намоз ўқиган.

«Намоз ўқиши оммавий тус олган, чунки хона эшиги очиқ қолдирилгани сабабли ётоқхонада яшовчилар ва бошқа бегона шахслар хонага эркин кириш имконига эга бўлишган. Бундан ташқари, у ётоқхонадаги бошқа шахсларга ўз диний қарашлари ва эътиқоди ҳақида гапириб берган ҳамда ўзига тегишли бўлган диний адабиётларни хонада ҳамма кўрадиган ва фойдалана оладиган ҳолатда сақлаган», — дейилади хабарда.

Суд қарори

Суд эркакни Россия Федерацияси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 5.26-моддаси 5-қисми (чет эл фуқароси томонидан виждон эркинлиги, диний эътиқод эркинлиги ва диний бирлашмалар тўғрисидаги қонунчилик талабларини бузган ҳолда миссионерлик фаолиятини амалга ошириш) бўйича айбдор деб топди ва 30 минг рубл миқдорида жаримага тортди.

Бундан ташқари, суд уни Россия ҳудудидан мажбурий чиқариб юбориш ҳақида қарор чиқарди. Чиқариб юбориш кўринишидаги қўшимча жазони суд эркакнинг Россия ҳудудида ижтимоий алоқалари, кўчмас мулки ва қариндошлари йўқлиги билан асослади.

Teglar

Mavzuga oid