Саида Мирзиёева: «Транспорт ислоҳотини шахсан назорат қиламан»
Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева транспорт тизимини модернизация қилиш бўйича президент қарори ижроси доирасида амалий ишлар бошланганини маълум қилди.

Тошкент шаҳрида транспорт тизимини тубдан янгилашга қаратилган президент қарори ижроси амалий босқичга ўтди. Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева бу жараённи шахсан назорат қилишини маълум қилди. 27 феврал куни махсус ташкил этилган Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази пойтахтдаги тирбандлик ва экология муаммолари бўйича тақдимот ўтказди.
Ҳисоботларга кўра, яқин кунларда «ақлли» светофорлар ўрнатиш, йўл чизиқларини стандартларга мослаштириш ва автотураргоҳларни тартибга солиш ишлари бошланади. Лойиҳа жамоат транспорти устидан назоратни кучайтиришни ҳам қамраб олади.
«Умид қиламанки, шаҳар ҳокими бошчилигидаги жамоа қарорнинг ижросини тўлақонли таъминлашга бор куч ва имкониятини қаратади. Мен бунинг бажарилишини шахсан назорат қилиб бораман», — дейди Мирзиёева.
Шу билан бирга, Саида Мирзиёева пойтахт учун ўта муҳим, жуда зарур бўлган ушбу лойиҳани амалга оширишда жамоага муваффақият тилаган.





