add

Самарқанд тумани тугатилади

Самарқанд тумани алоҳида маъмурий бирлик сифатида тугатилиб, унинг ҳудудлари, шунингдек, Оқдарё, Пастдарғом ва Тойлоқ туманларининг бир қисми Самарқанд шаҳри таркибига ўтказилиши режалаштирилмоқда.

Самарқанд тумани тугатилади

Самарқанд тумани алоҳида маъмурий бирлик сифатида тугатилиб, унинг ҳудудлари, шунингдек, Оқдарё, Пастдарғом ва Тойлоқ туманларининг бир қисми Самарқанд шаҳри таркибига ўтказилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда тегишли қарор Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси йиғилишида муҳокама қилинди.

Қайд этилишича, Самарқанд тумани алоҳида маъмурий-ҳудудий бирлик сифатида тугатилишидан мақсад Самарқандни «Миллионли шаҳар»га айлантириш, замонавий архитектура ечимларига эга турар-жой ва нотурар биноларни қуриш, аҳолининг уй-жойларга бўлган талабини тўла қондириш, ҳудудларни инфратузилма билан таъминлаш орқали аҳолига муносиб яшаш шароитини яратиш ҳисобланади.

«Чегаралар ўзгартирилиши ҳисобига Самарқанд шаҳри ҳудуди 11,8 минг гектардан 28,9 минг гектаргача кенгайиб, янги инвестиция ва қурилиш лойиҳалари учун кенг имкониятлар яратилаётгани эътиборга молик. Яъни янги туристик лойиҳалар, ўйин майдонлари, аквапарк, ҳаво шарлари, истироҳат боғлари каби кўнгилочар туризм ва дам олиш масканлари ташкил этилади, янги яшил ҳудудлар ва хизмат кўрсатиш объектлари ва логистика марказлари қурилади», - деди фракцияси аъзоси Диёр Ҳусанов.

Йиғилиш якунида қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қўллаб-қувватланди.

Маълумот учун, умумий ер майдони 28 415 гектар бўлган Самарқанд шаҳри таркибида умумий ер майдони 8 250 гектар бўлган Қорасув тумани, умумий ер майдони 3 741 гектар бўлган Сўғдиёна тумани, умумий ер майдони 4 846 гектар бўлган Сиёб тумани, умумий ер майдони 3 246 гектар бўлган Боғишамол тумани, умумий ер майдони 8 333 гектар бўлган Мароқанд тумани ташкил этилиши режалаштирилмоқда.

Teglar

Mavzuga oid