Logo

Самарқандда банкни ўмармоқчи бўлган йигит қўлга олинди

Bugun 14:251 daqiqa

У банк ходимларини ўзида портловчи модда борлиги ҳақида айтиб, қўрқитган. Сўнгра ойналарни синдириб, пул талаб қилган.

Самарқандда банкни ўмармоқчи бўлган йигит қўлга олинди © Qo‘riqlash Departamenti

Жорий йилнинг 13-июль куни Самарқанд вилоятининг Самақанд шаҳрида банкда босқинчилик қилиб, кассадаги пулларни олмоқчи бўлган шахс ушланди. Бу ҳақда ИИВ Қўриқлаш департаменти хабар берди.

Қайд этилишича, ўша куни соат 17:00 да шаҳарнинг Мирзо Улуғбек кўчасида жойлашган банклардан бирига қишки кийим кийиб олган ва юзига ниқоб таққан йигит қўлида қора сумкаси билан бостириб кирган. У ўзида портловчи модда мавжудлигини айтиб, банк ходимларини қўрқитган. Шундан сўнг эшик ойналарни синдириб, банк вакилларидан пул талаб қилган.

Ҳолатдан хабар топган ва воқеа жойига етиб борган қўриқлаш хизмати ходимлари ниқобли шахс билан хавфсиз масофадан туриб, мулоқот қилган. Музокаралардан сўнг гумонланувчи ўз хоҳиши билан таслим бўлган ва қўлга олинган.

Таъкидланишича, ҳодиса оқибатида фуқароларга ҳеч қандай зарар етмаган. Ҳозирда ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 164-моддаси (босқинчилик) 4-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Teglar

Mavzuga oid