Logo

Самарқандда янги қурилган темир йўл дамбаси ўпирилиб тушди

Bugun 21:402 daqiqa

«Ўзбекистон темир йўллари» АЖ релсларнинг таянчсиз қолишига олиб келган мазкур ҳолатни кучли ёғингарчилик ва Зарафшон дарёсининг тошиши билан изоҳламоқда.

Самарқандда янги қурилган темир йўл дамбаси ўпирилиб тушди © Foto: zamin.uz

3 июл куни Самарқанд вилоятининг Тойлоқ туманидан ўтувчи янги қурилган «Самарқанд – Ургут» темир йўлининг бир қисми Зарафшон дарёси тошиши оқибатида шикастланди. Сув темир йўл ўтказилган дамбани ювиб кетиши натижасида рельслар таянчсиз қолган. Бу ҳақда «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ маълум қилди.

Расмий муносабатда янги қурилган инфратузилманинг зарар кўриши табиий омиллар билан изоҳланган. Қайд этилишича, сўнгги кунлардаги ёғингарчилик оқибатида дарёда сув сарфи меъёрий 80–100 м³/с ўрнига 300 м³/с гача ошиб, ўзан темир йўл томон 30–40 метргача кенгайган.

«Сўнгги кунларда Ўзбекистон ва Тожикистоннинг тоғли ҳудудларида кузатилган кучли ёғингарчиликлар оқибатида Зарафшон дарёсида сув оқими кескин кучайди. Бунинг оқибатида дарё қирғоқларини ювиб кетиб, айрим ҳудудларда ўзан йўналиши ўзгарди. Ҳодисага Зарафшон дарёсида сув сарфининг меъёрий 80–100 м³/с ўрнига кескин ошиб, 300 м³/с гача етгани сабаб бўлди. Оқибатда дарё ўзани темир йўлга яқин ҳудудларда 30–40 метргача кенгайиб, ўзанга яқин жойлашган темир йўлнинг маълум қисмига зарар етди. Мазкур гидрологик ҳолат сўнгги 20 йил давомида кузатилмаган», - дейилади хабарда.

Тиклаш ишлари

Таъкидланишича, айни пайтда ҳодиса жойида қирғоқни харсанг тошлар билан мустаҳкамлаш ва темир йўл қатновини тиклаш ишлари олиб борилмоқда. Жараёнга 15 та махсус техника жалб этилган. Шунингдек, 30 та думпкар вагон орқали харсанг тошлар етказиб берилган. Шунингдек, зарур қурилиш материаллари юкланган яна 130 та думпкар вагон ҳудудга йўналтирилган.

Қайд этилишича, ҳозирда темир йўл қатновини имкон қадар қисқа муддатда тўлиқ тиклаш ҳамда поездлар ҳаракатининг узлуксизлигини таъминлаш бўйича барча зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Темир йўл қатновини қисқа муддатда тўлиқ тиклаш ҳамда поездлар ҳаракатининг узлуксизлигини таъминлаш бўйича барча зарур чора-тадбирлар амалга оширилаётгани билдирилган.

Teglar

Mavzuga oid