Шароф Рашидов туманининг собиқ ҳокими 11 йилга қамалди

25.02.2026 | 14:492 daqiqa

Зомин туман суди Шароф Рашидов тумани собиқ ҳокимини пора олиш ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилишда айбдор деб топди.

Шароф Рашидов туманининг собиқ ҳокими 11 йилга қамалди

Жиззах вилоятидаги Шароф Рашидов тумани собиқ ҳокими М. Х. 11 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Абидов хабар берди.

2025 йилнинг июн ойида Шароф Рашидов тумани ҳокими ҳокимлик бош мутахассиси билан бирга тадбиркордан 30 минг доллар пора олгани учун қўлга олинганган эди.

Қайд этилишича, Жиззах вилояти Ш.Рашидов тумани ҳокимлигининг қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича бўлими бош мутахассиси қурилиш соҳасида фаолият юритувчи МЧЖ раҳбарининг ишончига кириб, унга туман ҳокимининг тегишли қарори билан «Токчилик» МФЙ ҳудудида умумий ўрта таълим мактаби биносини барпо этиш учун ажратилган 1,7 гектар ер майдонида 8 та кўп қаватли уйлар қурилишига рухсат олиб бериши эвазига 30 минг АҚШ доллари талаб қилган ва 5 июл куни бош мутахассис сўралган пул маблағидан 10 минг АҚШ долларини олиб, туман ҳокимига берган.

8 июл куни эса тадбиркордан қолган 20 минг АҚШ долларини ҳам олган ва унга кўп қаватли уй қуриш учун ҳоким томонидан рухсат берилган ҳужжатларни тақдим этган.

Сўнгра бош мутахассис ҳокимият биноси олдида туман раҳбари билан учрашиб, 10 минг АҚШ долларини берган вақтида ДХХ ходимлари томонидан қўлга олинган эди.

Жиноят ишлари бўйича Зомин туман суди чиқарган суд ҳукмига кўра, собиқ ҳоким М. Х. Жиноят кодексининг 167-моддаси 2-қисми «б», «в», «г» бандлари, 206-моддаси 1-қисми, 210-моддаси 3-қисми «а» банди ҳамда 229-4-моддаси 2-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этган.

У ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш, пора олиш ва ер бериш тартибини бузиш каби айбловлар билан жавобгарликка тортилган.

Ҳукмга мувофиқ, М. Х. 3 йил муддатга ҳокимият ва давлат бошқарув органларида мансабдорлик ҳамда моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди. Шунингдек, унга базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 баравари миқдорида жарима тайинланди ва 11 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланди.

Мазкур жиноят иши доирасида туман ҳокимлигининг қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича бош мутахассиси бўлиб ишлаган Н. И. ҳам айбдор деб топилди. У Жиноят кодексининг 28 ва 210-моддалари 3-қисми «а»бандига асосан жавобгарликка тортилди.

Суд қарорига кўра, Н. И. 2 йил муддатга давлат органларида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилди ҳамда 7 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Ҳар икки судланувчи жазони умумий тартибли колонияда ўтайди.

Биринчи инстанция суди ҳукми устидан белгиланган тартиб ва муддатда Жиззах вилоят судига апелляция ёки кассация шикояти бериш мумкинлиги маълум қилинди.

Teglar

Mavzuga oid