Logo

Шахсий маълумотларни қандай ҳимоя қилиш мумкин? (қўлланма)

Bugun 15:054 daqiqa

Сўнгги пайтларда аҳолининг сохта бандлик билан таъминланиши ва шахсий маълумотлари ўғирланиши билан боғлиқ қатор ҳолатлар содир бўлди. Бундай вазиятда ҳар кимнинг ўз шахсий маълумотларини ҳимоя қилиши сув ва ҳаводек зарур. Vaqt.uz бу борада қўлланма тайёрлади.

Шахсий маълумотларни қандай ҳимоя қилиш мумкин? (қўлланма) © Sun'iy intelekt

Сўнгги  ойларда Ўзбекистонда фуқароларнинг шахсий маълумотлари сизиб чиққани ва улардан ноқонуний фойдаланилгани ҳақида қатор хабарлар тарқалди. Хусусан, Safe Road базасига уланган ҳайдовчиларнинг паспорт маълумотлари, ЖШШИР рақамлари ва яшаш манзиллари тарқалгани ҳақида ҳам хабарлар пайдо бўлди.

Шунингдек, июл ойида зарарли иловалар орқали 21 фуқаронинг 336 миллион сўми ўғирлангани маълум қилинди. Фирибгарлар фуқароларнинг шахсий маълумотларини қўлга киритиб, банк аккаунтлари орқали пулларини ечиб олган.

Шахсий маълумотлардан ноқонуний фойдаланиш бошқа муаммоларга ҳам сабаб бўлмоқда. Айрим фуқаролар ўзлари билмаган ҳолда корхоналарга ишга жойлаштирилгани ёки ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатга олинганини аниқлаган. Натижада баъзилари ижтимоий нафақа олишда муаммога дуч келган, бошқалари эса тизимдаги нотўғри маълумотларни тузатиш учун идорама-идора мурожаат қилишга мажбур бўлган.

Яқинда Бандлик вазирлиги ҳам фуқароларни паспорт маълумотларини бегоналарга бермасликка ва меҳнат фаолиятига оид маълумотларини my.gov.uz ҳамда my.mehnat.uz орқали текшириб боришга чақирди.

Хўш, шахсий маълумотларингиздан ноқонуний фойдаланилмаётганини қандай билиш мумкин? Қуйида уларни қаердан текшириш, шубҳали ҳолат аниқланса, қандай чоралар кўриш кераклигини тушунтирамиз.

Шахсий маълумотларни қаердан текшириш мумкин?

Меҳнат фаолиятига оид маълумотларни икки усулда текшириш мумкин. Бунинг учун my.gov.uz ва my.mehnat.uz платформаларидан фойдаланилади. Улар орқали фуқаро ўзи билмаган ҳолда бирор ташкилотга ишга расмийлаштирилгани ёки меҳнат дафтарчасига нотўғри маълумот киритилганини аниқлаши мумкин.

my.gov.uz орқали меҳнат фаолиятини текшириш

Бунинг учун аввал Ягона интерактив давлат хизматлари порталига кириб, шахсий кабинетга кириш керак. Кейин қидирув майдонига «Меҳнат фаолияти маълумоти» деб ёзиб, керакли хизматни танлаш лозим.

1

Экран тасвири my.gov.uz  сайтидан олинди

Хизмат саҳифаси очилгач, сўров юборилади. Хизмат бепул кўрсатилади ва маълумотнома автоматик шакллантирилади.

2

Экран тасвири my.gov.uz  сайтидан олинди

Маълумотномада фуқаронинг қайси ташкилотда ва қайси даврда ишлагани кўрсатилади. Шу орқали ўзи ишламаган корхонага ишга расмийлаштирилган ёки меҳнат тарихига нотўғри маълумот киритилганини билиб олиши мумкин.

my.mehnat.uz орқали электрон меҳнат дафтарчасини текшириш

Иккинчи усулда my.mehnat.uz сайтига кириб, шахсий кабинет орқали электрон меҳнат дафтарчасини кўриш мумкин.

 

3

Экран тасвири my.mehnat.uz сайтидан олинди

Сайтга киргач, шахсий кабинетга OneID ёки электрон рақамли имзо орқали авторизациядан ўтиш лозим.

4

Экран тасвири my.mehnat.uz сайтидан олинди

Шундан сўнг электрон меҳнат дафтарчаси очилади. Унда фуқаронинг қайси ташкилотда ишлагани, ишга қабул қилинган ва ишдан бўшатилган саналари кўрсатилади.

5

Экран тасвири my.mehnat.uz сайтидан олинди 

Ушбу қайдларни диққат билан текшириш, айниқса, фуқаро ишламаган ташкилот номи ёки нотўғри иш даври кўрсатилмаганига эътибор бериш лозим.

Сохта ишга расмийлаштириш ҳолатида қаерга мурожаат қилиш керак?

Агар фуқаро ўзи ишламаган ташкилотга ишга расмийлаштирилганини аниқласа, аввало, бу ҳақдаги маълумотларни сақлаб қўйиши ва уларни тузатиш учун тегишли идораларга мурожаат қилиши керак.

Бунинг учун my.gov.uz порталида «меҳнат фаолиятига оид маълумотларни таҳрирлаш» хизмати мавжуд. Аризада қайси ташкилот ёки қайси иш даври ҳақидаги маълумот нотўғри экани кўрсатилади. Шунингдек, мавжуд тасдиқловчи ҳужжатлар, жумладан, меҳнат дафтарчаси нусхаси, ишга қабул қилиш ёки ишдан бўшатиш ҳақидаги буйруқлар ва меҳнат шартномаси илова қилинади.

Хизмат бепул, ариза эса 15 иш куни ичида кўриб чиқилади. Мурожаат ваколатли орган томонидан текширилиб, натижаси бўйича қарор қабул қилинади.

Агар фуқаронинг қўлида тасдиқловчи ҳужжатлар бўлмаса, вазиятни аризада батафсил баён этиши лозим. Шунингдек, Бандлик вазирлигининг 1176 қисқа рақамига қўнғироқ қилиш ёки @munosibmehnat_bot Telegram боти орқали мурожаат юбориш мумкин.

Мурожаат натижасини кузатиб бориш ва электрон меҳнат дафтарчасидаги маълумотлар тузатилганини қайта текшириш муҳим. Чунки нотўғри қайдлар кейинчалик меҳнат стажини тасдиқлаш ёки ижтимоий нафақа олишда муаммолар келтириб чиқариши мумкин.

Паспорт ва бошқа шахсий маълумотларни қандай ҳимоя қилиш керак?

Шахсий маълумотлар бегона қўлларга тушмаслиги учун, аввало, паспорт ёки ID-карта нусхасини заруратсиз юбормаслик керак. Ҳужжат сўралганда, ундан нима мақсадда ва қаерда фойдаланилишини аниқлаштириш лозим. Паспорт маълумотлари, ЖШШИР ва телефон рақамини эса номаълум шахслар ёки ишончсиз сайтларга бермаслик зарур.

Фирибгарлар ўзини банк ёки давлат идораси ходими сифатида таништириб, SMS орқали юборилган тасдиқлаш кодларини сўраши мумкин. Шу боис бундай кодларни бегоналарга айтмаслик керак. Қўнғироқ ёки хабар шубҳали туюлса, суҳбатни тўхтатиб, ташкилот билан унинг расмий рақами орқали боғланиб, сўровни текшириш лозим.

Шунингдек, номаълум ҳаволаларни очиш ва Telegram орқали юборилган APK файлларни телефонга ўрнатиш хавфли. Бундай файллар қурилмага зарарли дастурларни юклаб, ундаги шахсий маълумотларнинг фирибгарларга узатилишига сабаб бўлиши мумкин.

Аккаунтларни ҳимоялаш учун ҳар бир хизматда алоҳида ва мураккаб паролдан фойдаланиш, икки босқичли ҳимояни ёқиш тавсия этилади. Бу бегона шахсларнинг аккаунтларга киришини қийинлаштиради.

Шахсий маълумотларни фақат ишончли ташкилотларга ва зарур ҳолларда тақдим этиш, ҳужжат ёки маълумот сўралганда эса аввал сўровнинг ҳақиқийлигини текшириш фирибгарликдан ҳимояланишга ёрдам беради.

Teglar

Mavzuga oid