Шерзодхон Қудратхўжа бир лавозимидан озод қилинди
У 2022-йилдан бери ишлаб келаётган Ўзбекистон Миллий медиа бирлашмаси бошқаруви раиси лавозимидан озод этилди. Депутат Одилжон Тожиев унинг ўрнини эгаллади.

Шерзодхон Қудратхўжа Ўзбекистон Миллий медиа бирлашмаси бошқаруви раиси лавозимидан озод этилди. У мазкур лавозимни 2022-йилда эгаллаган эди.
Шерзодхон Қудратхўжа 1974-йилда туғилган. У сиёсий фанлар номзоди, доцент. 2008-йилдан Ўзбекистон Миллий университети журналистика факультети «Интернет-журналистика, матбаа назарияси ва амалиёти» кафедрасини бошқарган, Тошкентдаги Сингапур менежментни ривожлантириш институтида дарс берган. 2017-йил апрел ойида Халқаро пресс-клуб раиси бўлган (ҳозирда эса Жамоатчилик Кенгаши раиси ўринбосари, Халқаро пресс-клубнинг креатив раҳбари). Шерзодхон Қудратхўжа 2018-йил май ойидан Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори лавозимларида ҳам ишлаб келмоқда. 2019-йилда у Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси аъзоси этиб сайланган. У 2017 йилдан бери Халқаро кураш ассоциацияси вице-президенти сифатида ҳам ишлаб келмоқда.
Шерзодхон Қудратхўжа раҳбарлигида бўлган мазкур ташкилот эса 2006-йил 30-июн куни Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси (ЎзЭОАВМА) номи билан нодавлат оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган. 2022-йил май ойида ассоциация қайта номланиб, Ўзбекистон Миллий медиа ассоциацияси деб қайта ташкил этилди.
Янги раҳбар
Одилжон Фотиҳжон ўғли Тожиев Ўзбекистон миллий медиа бирлашмаси бошқаруви раиси этиб сайланди.
Одилжон Тожиев 1984 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 2006 йили Тошкент ислом университетини тамомлаган. Мутахассислиги — ҳуқуқшунос. У 2017 йил 5 июлдан 2018 йил августгача Ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши раисининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келган. 2018 йилда Тожиев Тошкент вилояти ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари этиб тайинланди. 2020-йилдан ҳозиргача у Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати сифатида фаолият олиб боряпти. Парламентда у Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, ахборот фаолиятини мувофиқлаштириш ва ОАВ билан ҳамкорлик қилиш учун масъул бўлган, ҳозирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Меҳнат, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий масалалар қўмитасининг аъзоси ҳисобланади.





