Швейцарияда «нақд пул эркинлиги» Конституцияга киритилиши мумкин

26.02.2026 | 07:552 daqiqa

Сўровларга кўра, сайловчиларнинг қарийб 60 фоизи нақд пулни конституцион даражада ҳимоя қилишни қўллаб-қувватламоқда.

Швейцарияда «нақд пул эркинлиги» Конституцияга киритилиши мумкин

8 март куни Швейцарияда нақд пул муомаласини Конституция даражасида мустаҳкамлаш бўйича референдум ўтказилади. Бу ҳақда «Bloomberg» хабар бермоқда. Ташаббус мамлакатда нақд пулни сақлаб қолишни истаган фуқаролар позициясини акс эттиради. Сўнгги йилларда нақдсиз ва рақамли тўловлар кенг тарқалгани ортидан жамиятда нақд маблағларнинг келажаги бўйича баҳслар кучайган.

Овозга қўйиладиган икки вариант таклиф этилган. Биринчиси фаоллар гуруҳи томонидан илгари сурилган «Нақд пуллар — бу эркинлик» ташаббуси, иккинчиси эса ҳукумат тайёрлаган ўхшаш лойиҳа. «Swiss Info» маълумотига кўра, улар мазмунан деярли бир хил бўлиб, фақат айрим деталларда фарқ қилади.

 

Сўровлар натижаси

SRG ҳамда «Tamedia/20 Minuten» томонидан ўтказилган икки мустақил сўров натижасига кўра, сайловчиларнинг тахминан 60 фоизи нақд пул муомаласини конституцион даражада сақлаш ғоясини маъқуллаган.

Швейцарияликлар нақд пулни жамғармаларни сақлашнинг ишончли шакли сифатида қабул қилади. Гарчи мамлакатда банкнотлар айланмаси қисқараётган бўлса-да, «кэш»га ишонч сақланиб қолмоқда.

 

Қўшимча масалалар

Референдум доирасида фуқаролар яна бир қатор қонун лойиҳалари бўйича овоз беради. Жумладан, турмуш қурган жуфтликлар даромадига қараб ҳисобланадиган «никоҳ солиғи»ни бекор қилиш таклифи кўриб чиқилади.

Шунингдек, жамоат телерадиокомпаниясини молиялаштириш учун йиғимларни қисқартириш ва иқлим ўзгаришига қарши курашга ажратиладиган маблағларни ошириш ташаббуслари ҳам муҳокама қилинади.

Халқаро миқёсда Швейцария кўпинча нақд пул кўп айланадиган мамлакат сифатида қабул қилинади. Бироқ «Swiss Info» таъкидлашича, замонавий тўлов воситалари оммалашганига қарамай, нақд маблағлар аҳоли учун ҳануз барқарор ва хавфсиз жамғарма воситаси бўлиб қолмоқда.

Teglar

Mavzuga oid