Сифатсиз қурилиш материаллари ишлаб чиқарадиган корхоналар рўйхати эълон қилинди

25.02.2026 | 16:391 daqiqa

Ўзбекистонда хавфли қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи ва етказиб берувчи 116 та корхона расман реестрга киритилди.

Сифатсиз қурилиш материаллари ишлаб чиқарадиган корхоналар рўйхати эълон қилинди

Сифатсиз қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхоналар реестри ўтган йил декабр ойида Президент томонидан тасдиқланган қурилиш материаллари саноатини ривожлантиришга қаратилган қарор ижроси доирасида шакллантирилган. Ҳужжатга мувофиқ, 2026 йил 1 мартдан хавфсизлиги талабларга жавоб бермайдиган ишлаб чиқарувчи ва етказиб берувчиларнинг электрон реестри юритилади.

Ҳукумат ҳузуридаги Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси томонидан сифациз қурилиш материаллари юзасидан киритилган тақдимномалар ҳақидаги маълумотлар эълон қилинди.

Реестр Техник тартибга солиш ҳамда «Шаффоф қурилиш» ахборот тизимлари интеграцияси асосида шакллантирилади. Унда сифатсиз маҳсулот ишлаб чиқарган корхоналар бўйича инспекция киритган тақдимномалар ҳақидаги маълумотлар жамланган.

Қайси маҳсулотлар киритилган?

Рўйхатга киритилган 116 та корхона томонидан ишлаб чиқарилаётган асосий маҳсулот турлари ҳам очиқланган. Улар орасида ғишт, орайопма темир-бетон плиталар, бетон қудуқ маҳсулотлари бор.

Шунингдек, темир-бетон устунлар, газоблок ва турли бетон элементларини ишлаб чиқарувчи корхоналар ҳам хавфли маҳсулот етказиб берувчилар сифатида қайд этилган.

Мазкур реестр қурилиш бозорида шаффофликни ошириш, сифат назоратини кучайтириш ҳамда истеъмолчилар хавфсизлигини таъминлашга қаратилган. Рўйхат доимий равишда янгиланиб борилиши кутилмоқда.

Teglar

Mavzuga oid