Сингапурдаги ўзбекистонликлар огоҳлантирилди
24.09.2025 | 20:204 daqiqa
Сингапурдаги элчихона ўша ердаги Ўзбекистон фуқароларини оғир жарима ва жазолардан сақланиши учун огоҳлантирди.

Жорий йилнинг 1 сентябридан бошлаб Сингапурда тамаки маҳсулотларини қиздирувчи қурилмалар (IQOS ва бошқалар) ҳамда электрон сигареталар (вейплар), айниқса, “K-pods” туридаги ва таркибида этомидат мавжуд бўлган вейпларга қарши янада қатъий қонунчилик чоралари кучга кирган. Мазкур чоралар ортидан Сингапурдаги элчихона ушбу мамлакатдаги Ўзбекистон фуқароларини огоҳлантирди.
Қайд этилишича, Сингапурда вейплар ва шунга ўхшаш қурилмаларни олиб кириш, сотиш, сақлаш ва фойдаланиш мутлақо тақиқланади.
- Сақлаш ёки чекиш учун – 2 000 сингапур долларигача жарима.
- Сотиш ёки олиб кириш учун – 10 000 сингапур долларигача жарима ва/ёки 6 ойгача қамоқ (такрорий ҳолларда – 20 000 сингапур долларигача ва/ёки 12 ойгача қамоқ). Такрорий ҳолларда мажбурий реабилитация ва кейинчалик жиноий жавобгарликка тортилиш мумкин.
Сингапур «K-pods» туридаги вейпларни гиёҳванд моддалар билан боғлиқ қурилма сифатида баҳолайди, этомидат эса расмий равишда С синфдаги гиёҳванд моддалар рўйхатига киритилган.
- Сақлаш ёки истеъмол қилиш учун – мажбурий кузатув ва реабилитация дастури;
- такрорий ҳолларда жиноий жавобгарлик.
- контрабанда учун – 3 йилдан 20 йилгача қамоқ ва 5 тадан 15 тагача қамчин жазоси.
- сотиш ва тарқатиш учун – 2 йилдан 10 йилгача қамоқ ва 2 тадан 5 тагача қамчин жазоси.
Қонун Сингапур фуқароларига ҳам, хорижликларга ҳам, шу жумладан талабалар ва иш визаси эгаларига ҳам бирдек татбиқ этилади. Қонун бузилиши қуйидагиларга олиб келиши мумкин:
- қўлга олиниш ва озодликдан маҳрум этилиш;
- катта миқдордаги жарималар;
- депортация ва мамлакатга қайта кириш ҳуқуқидан маҳрум бўлиш.
«Ўзбекистон фуқароларига электрон сигареталар ёки шунга ўхшаш қурилмаларни Сингапурга олиб кириш ва улардан фойдаланишдан қатъий равишда воз кечиш тавсия этилади. Қонун-қоидаларга риоя қилиш – бу мамлакатда хавфсиз ва осуда бўлиб туришингизнинг кафолатидир», - дейилади хабарда.





