add

Собиқ амалдорлар қамоқда...ми?

26.01.2026 | 17:133 daqiqa

Президент ишдан олган уч амалдор қамоққа олингани айтилмоқда. Улар Ички ишлар вазирининг ўринбосари Бекмурод Абдуллаев, Жазони ижро этиш департаменти бошлиғи бўлган Рустам Турсунов ва яқиндагина ўрнини Санғиновга бўшатиб берган «Ўзбекнефтгаз»нинг собиқ раҳбари Баҳодир Сиддиқов. Аммо ҳозиргача расмий идоралар бу ҳақда ахборот бергани ёки улар ҳақиқатан ҳам қамоққа олинганини тасдиқлагани йўқ.



Ишдан олинишидан аввал юқори лавозимда ишлаган мансабдорлар қамоққа олинса ёки суд қилинса, фақат гап-сўзлар болалайди. Ҳамма ОАВлар ўз манбаларига таяниб ахборот беради холос. На собиқ амалдорлар ишлаб кетган орган, на жиноят ишини тергов қиладиганлар маълумот бермайди. Матбуот котиблари ҳам билмаймандан наригига ўтмайди, одатда. Ёки сан-салор қилишади. Бунинг ортидан тармоқларда турли ахборотлар тарқалади ва одамлар кимга, қайси манбага ишонишни билмай ҳам қолади.

Бу ҳолатда ҳам айнан шундан бўлди. Январ ойи бошида ИИВнинг собиқ ўринбосари Бекмурод Абдуллаев ва Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти бошлиғи Рустам Турсунов қамоққа олингани ҳақидаги гаплар болалади.

Тарқалган хабарларда икки мулозим йирик миқдорда давлат мулкини ўзлаштиргани айтилмоқда. Январ ойи бошида тармоқларга сиздирилган бу хабарни январ ойи охирига келиб ҳам ҳеч қайси идора тасдиқламади.

Агар улар ҳақиқатан ҳам қамоққа олинган бўлса, кабинетидан олиб чиқиб кетилмагани аниқ. Чунки 2025-йилнинг ноябр ойи бошида Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан Бекмурод Тожимирзаевич Абдуллаев Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг ўринбосари — Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи лавозимидан, Президент фармойиши билан Рустам Раҳмонович Турсунов Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти бошлиғи лавозимидан озод этилган эди.

Ишдан олиб, қамоққа ташланиши айтилмоқдаган полковник Бекмурод Абдуллаев 2021 йилнинг апрел ойида Президентнинг тегишли қарорига асосан Ички ишлар вазирининг ўринбосари — Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи лавозимига тайинланган эди. Унгача у Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондонининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича биринчи ўринбосари лавозимида фаолият юритган.

Куч тузилмасининг қамоққа олингани айтилган яна бир собиқ ходими Рустам Турсунов. У Навоий вилояти ИИБ бошлиғи лавозимида фаолият юритган ва 2021-йилнинг феврал ойида ИИВ Жазони ижро этиш бош бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланган эди.

Турсунов жамоатчиликка у қадар очиқ бўлмаган раҳбар қаторида турган.

Икки мулозим нега ишдан олингани ҳозиргача очиқланмаган. Ўша вақтда уларнинг жиноят содир этгани аниқмиди ёки бошқа сабаб билан ишдан олинганми — бу бизга қоронғу.

Юқорида келтирганимиз ишдан бўшатилган ва қамоққа олингани айтилаётган учинчи амалдор — "Ўзбекнефтгаз" бошқаруви раиси лавозимида икки муддат ишлаган Баҳодир Сиддиқов.

У 2019 йил февралдан 2020 йил январгача "Ўзбекнефтгаз"ни бошқарган. Орадан уч йил ўтиб, 2023 йилнинг 12 мартда яна шу лавозимга қайтган эди.

2025-йилнинг декабрида бошқа ишга ўтиши муносабати билан ишдан олинган “Ўзбекнефтгаз”нинг собиқ раҳбари ҳам қамоқда экани айтилмоқда.

Юқорида айтганимиздек, ҳар уч раҳбарнинг қамоқда экани, рост ёки ёлғонлиги, улар қайси жиноятларда айбланаяптгани ҳақида расмий изоҳ берилгани йўқ.

Амалдорлар ишдан олиб, ҳали ўрни тўлганича йўқ. Жазони ижро этиш департаменти бошига янги раҳбар келмади. Бекмурод Абдуллаев ўрни ҳам вакант эканини вазирлик сайтидан кўриш мумкин. Баҳодир Сиддиқов эса ўрнини аллақачон Абдуғани Санғиновга бўшатиб кетган эди.

Гап куч тузилмалари ва стратегик давлат компанияларини бошқарган шахслар ҳақида кетаяпган экан, бу мавзуда очиқлик бўлиши жамоатчилик учун айниқса муҳим. Расмий идораларнинг сукути бир томондан тергов сирига боғлиқ бўлиши мумкин. Бироқ бошқа томондан, бу сукут ахборот бўшлиғини келтириб чиқаради ва у бўшлиқ турли миш-мишлар билан тўлдирилади.

Teglar

Feruza Najmiddinova

Feruza NajmiddinovaMaqolalar soni: 5

Barchasi

Mavzuga oid