
Содиқ Сафоев: «Тошкент пропискаси шармандали тизим эди»
Сенат раисининг биринчи ўринбосари Тошкентда йиллар давомида амал қилган прописка тартиби шаҳар ривожи ва инсон ҳуқуқларига жиддий тўсиқ бўлганини айтди.
© Фото: Ўзбекистон 24 Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсидаТошкент шаҳрида илгари мавжуд бўлган прописка тизими инсон қадр-қимматига зид ва шаҳар тараққиётини чеклаган механизм бўлганлиги ҳақида гапирди.
«Давлат раҳбарининг инсон ҳуқуқларини ўйлаган ҳолда олиб борган сиёсати илгариги шармандали прописка тизимини йўқ қилишга олиб келди. Бу энди нима деган гап? Шу ватаннинг фарзанди бўла туриб, инсонлар келиб, Тошкент шаҳрида ўз хоҳиши билан яшай олмаган. Бу тақиқланган, уларга иш берилмаган, рўйхатдан ҳам ўтказилмаган», — дейди Сафоев.
Унинг таъкидлашича, мазкур тизим нафақат фуқароларнинг эркин яшаш ҳуқуқини чеклаган, балки пойтахтнинг ижтимоий-иқтисодий ривожига ҳам салбий таъсир кўрсатган.
Шунингдек, Сафоев Янги Ўзбекистон ва Янги Тошкент доирасида амалга оширилаётган стратегик ўзгаришлар ҳақида сўз юритар экан, Тошкент кўп йиллар давомида режали шаҳарсозликдан четда қолганини қайд этди. Унинг айтишича, шаҳарда жамоатчилик транспорти эмас, асосан шахсий автомобилларга устуворлик берилган, натижада инфратузилма одамлар эҳтиёжидан кўра транспорт оқимига мослаштирилган.
Сенаторга кўра, бундай ҳолат юзага келишида прописка тизимининг қаттиқ тартиби муҳим омил бўлган. Фуқаролар Тошкентда эркин яшаш, ишга жойлашиш ва қонуний рўйхатдан ўтиш имкониятидан маҳрум қилинган. Бу эса пойтахтнинг очиқ ва инклюзив шаҳар сифатида ривожланишига тўсқинлик қилган.
Сафоев давлат раҳбари томонидан инсон ҳуқуқларини устувор қўйган сиёсат натижасида мазкур тизим бекор қилинганини алоҳида таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, бу қарор фуқароларнинг ўз хоҳишига кўра яшаш ва меҳнат қилиш ҳуқуқини таъминлашда муҳим қадам бўлган.
Суҳбат давомида жамоатчилик транспорти, хусусан метро тизими сўнгги йилларда сезиларли даражада ривожлангани қайд этилди. Шунга қарамай, мавжуд муаммоларни комплекс ҳал этиш учун Янги Тошкент лойиҳаси амалга оширилаётгани таъкидланди.
Маълумот учун: деярли 30 йил давом этган доимий прописка талаби 2020 йил апрелида Президент фармони билан бекор қилинган эди.





