Солиқ қўмитаси блогерларни солиққа тортиш бўйича Россия тажрибасини ўрганмоқда
Қўмита келгусида мазкур тажрибани Ўзбекистон солиқ органлари фаолиятида қўллашни режалаштирмоқда.

Ўзбекистон Солиқ қўмитаси делегацияси Москвада россиялик ҳамкасблари билан блогерлар ва интернетда фаолият юритувчи шахслар даромадлари устидан солиқ назорати масалаларини муҳокама қилди.
Қўмита маълумотига кўра, мазкур тажриба келгусида миллий солиқ органлари фаолиятига жорий этилиши мумкин.
Ташрифнинг биринчи кунида томонлар онлайн-платформалар орқали даромад олувчи шахсларни аниқлаш, уларнинг тушумларини шаффоф ҳисобга олиш ва солиқ интизомини кучайтириш механизмларини кўриб чиқди.
Шунингдек, солиқ хизмати брендини оммалаштириш ва очиқликни ошириш орқали жамоатчилик ишончини мустаҳкамлаш масалаларига эътибор қаратилди.
Россия томони солиқ органлари фаолиятида хизмат кўрсатишга йўналтирилган ёндашувларини тақдим этди. Унда солиқ тўловчилар учун қулай шароит яратиш, тартиб-таомилларни соддалаштириш ва рақамли хизматлар орқали ҳамкорликни кучайтириш амалиёти намойиш этилди.
Инфлюенсерлар учун талаблар
2025 йил май ойида онлайн-платформа фойдаланувчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилган эди. Лойиҳага кўра, 10 мингдан ортиқ обуначига эга ва контентдан даромад олувчи инфлюенсерлар учун алоҳида ҳуқуқий тартиб жорий этиш таклиф қилинган.
Ҳужжатда контентнинг тўғрилигини текшириш, ноқонуний материалларни бартараф этиш, фейк ахборотни ўчириш ёки белгилаш, зарур ҳолатда раддия эълон қилиш каби мажбуриятлар назарда тутилган. Талаблар бузилса, 10 кунлик муддат берилиб, бажарилмаган тақдирда аккаунтни 6 ойгача тўхтатиш чораси қўлланилиши мумкин.
Монетизация ва солиқ
Қонун лойиҳаси рекламадан олинадиган барча даромадларни солиққа тортишни назарда тутади. Бу тўғридан-тўғри реклама, натив интеграция, ҳамкорлик ҳаволалари ва ҳомийлик тушумларига ҳам тегишли.
Бундай амалиёт Россияда 2021 йилдан жорий этилган. 2023 йилда эса бир қатор йирик блогерларга нисбатан ишлар қўзғатилган. Улар орасида солиқларни тўламаганликда айбланган Елена Блиновская иши катта шов-шувга сабаб бўлган.





