add

Солиқ рўйхатидан ўтмаган хорижий онлайн платформалар блокланади

Bugun 10:253182 daqiqa

Янги тартиб Ўзбекистондаги рақамли хизматлар бозорида солиқ шаффофлигини ошириш ва яширин даромадларни қисқартиришга қаратилган.

Солиқ рўйхатидан ўтмаган хорижий онлайн платформалар блокланади

2026 йил 1 январдан Ўзбекистонда солиқ органларида рўйхатдан ўтмаган ҳолда фуқароларга электрон хизмат кўрсатаётган ёки товар сотадиган хорижий онлайн компаниялар фаолиятига чекловлар қўлланиши мумкин. Бу талаб президентнинг 10 декабрда имзоланган нақдсиз ҳисоб-китобларни оммалаштириш ва яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришга қаратилган фармонида белгиланган.

Ҳужжатга мувофиқ, жисмоний шахсларга электрон шаклда хизмат кўрсатувчи ёки товар сотувчи хорижий юридик шахс солиқ органида рўйхатдан ўтмагани аниқланса, унга расмий хабарнома юборилади. Компанияга солиқ рўйхатидан ўтиш учун 30 календар кун берилади. Ушбу муддат ичида талаб бажарилмаса, Ўзбекистондаги фаолиятни чеклаш масаласи кўриб чиқилади.

Солиқ қўмитасининг маълум қилишича, бундай ҳолатларда хорижий компанияга қўмита номидан расмий хат юборилади. Агар жавоб келмаса ёки ариза рад этилса, электрон тижорат соҳасини тартибга солувчи Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги билан ҳамкорликда қарор қабул қилинади. Агентлик компания фаолиятини чеклаш ёки чекламаслик юзасидан якуний хулоса чиқаради.

Шу билан бирга, 1 мартга қадар солиқ органлари Ўзбекистон фуқароларининг хорижий юридик шахсларга амалга оширган тўловлари бўйича эгасизлантирилган маълумотларни олиш тартибини ишлаб чиқишни режалаштирмоқда. Бу қайси хорижий платформалар мамлакат фуқароларидан даромад олаётганини аниқлаш ва солиққа тортиш имкониятини баҳолашга хизмат қилади.

Амалдаги Солиқ кодексининг 278–279-моддаларига кўра, электрон хизматлар кўрсатувчи хорижий компаниялар солиқ тўловчи ҳисобланади ва хизмат кўрсатиш бошланганидан кейин 30 кун ичида электрон ариза орқали рўйхатдан ўтиши шарт. Айни пайтда Ўзбекистонда ҚҚС тўловчи хорижий интернет компаниялари сони 76 тага етган бўлиб, улар 2025 йилнинг биринчи ярмида 78,2 млрд сўм ҚҚС тўлаган.

Teglar

Mavzuga oid