add

Сўмнинг тебранувчанлиги 2025 йилда сезиларли кенгайди

2025 йилда ўзбек сўми долларга нисбатан 6,9 фоизга мустаҳкамланди. 2021–2024 йилларда сўм курси долларга нисбатан ўртача 24,17 сўмга ўзгарган (стандард оғиш) бўлса, 2025 йилда бу кўрсаткич қарийб 43 сўмни ташкил қилди.

Сўмнинг тебранувчанлиги 2025 йилда сезиларли кенгайди

Ўзбекистонда 2025 йилда ўзбек сўми 6,9 фоизга мустаҳкамланиб, курснинг тебранувчанлиги 0,28 фоизни ташкил қилди. Бу ҳақда Марказий банкнинг Ички валюта бозори шарҳидан маълум бўлди.

Тебранувчанлик 2024 йилга нисбатан 2 баробардан кўпроқ ошган. Ўтган йили бу кўрсаткич ўртача 0,1 фоиз бўлганди.

1

Марказий банк таъкидлашича, 2025 йил апрель-декабрь ойлари давомида тебранувчанлик 0,35 фоизгача кўтарилган бўлиб, мослашувчанлик даражаси юқори ҳисобланган давлатлар валюталарига яқинлашди.

Курс тебранувчанлиги — бу валюта курсининг маълум вақт ичида қанчалик тез ва қанчалик катта диапазонда ўзгаришини билдиради.

2021–2024 йилларда сўм курси долларга нисбатан ўртача 24,17 сўмга ўзгарган (стандард оғиш) бўлса, 2025 йилда бу кўрсаткич қарийб 43 сўмни ташкил қилди.

2025-йилда ўртача курс 12 575 сўмни ташкил этган бўлса, йил давомида курснинг энг юқори қиймати 13 004 сўмга (ўртача курсдан 5,5 фоизга юқори) ва энг қуйи қиймати 11 881 сўмга (ўртача курсдан 3,4 фоизга паст) тенг бўлди.

2

Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ)нинг “Валюта курс режимларини классификация қилишнинг янгиланган тизими”га кўра, мамлакатда валюта курси 6 ой ёки ундан ортиқ вақт давомида марказий қиймат атрофида ±2 фоиз диапазонда шаклланса, ХВЖ ушбу ҳолатда валюта курсини эркин сузувчи (флоатинг) эмас, балки барқарорлаштирилган валюта курс режими (стабилизед аррангемент) деб баҳолайди.

Юқоридагилардан хулоса қилиш мумкинки, сўм динамикаси 2025 йилда эркин сузувчи валюта курслари динамикасини ўзида акс эттирган.

Валюта курси икки томонлама тебранувчанлиги ошишининг асосий омилларидан бири ички валюта бозорида маркет-мейкерлар сонинининг ошгани ҳамда улар томонидан тузилган битимлар ҳажмининг сезиларли даражада ортгани бўлди. Хусусан, 2025-йил якунига келиб маркет-мейкерлар2 сони 2 тадан 5 тагача кўпайди.

Алмашув курсининг мустаҳкамланиши натижасида иқтисодиётда миллий валютага бўлган ишонч ошиши билан боғлиқ бир қатор ижобий тенденциялар кузатилмоқда.

2025 йилда:

— миллий валютадаги ҳисоб-китоблар ҳамда жамғаришнинг фаоллашиши ҳисобига банк тизимидаги миллий валютадаги депозитлар ҳажми йил бошидан 44 фоизга ошиб, 240 трлн сўмга етди;

— аҳоли ва тадбиркорларнинг инфляцион кутилмалари мос равишда 11,5 ва 11,1 фоизгача секинлашди (йил бошида мос равишда 14,4 ва 13,9 фоиз) ҳамда кутилмалар шаклланишида валюта курси омили икки баробарга қисқарди;

— депозит ва кредитларнинг долларлашув даражасида пасайиш динамикаси тезлашди (кредитлар бўйича 41 фоиздан 38 фоизгача, депозитлар бўйича 26 фоиздан 22 фоизгача);

— мижозларнинг банкларга жами валюта сотуви 35 фоизга ошиб, 47 млрд долларга етди;

— давлат ва корпоратив ташқи қарзга хизмат кўрсатиш харажатлари ўртача 6-7 фоизгача қисқарди.

Регулятор ушбу тенденцияларнинг давом этиши миллий валютага бўлган ишончни кучайтириб, сўмдаги активлар жозибадорлигини ошишига ва умуман олганда макроиқтисодий барқарорликка ижобий ҳисса қўшади деб ҳисобламоқда.

Teglar

Mavzuga oid