Стратегик авиацияга ҳужумдан сўнг Россиянинг ядровий учлиги нечоғлик зарар кўрди?
03.06.2025 | 13:2016 daqiqa
1 июн кунги дронлар ҳужумидан сўнг Россия ўндан ортиқ узоқ масофага мўлжалланган бомбардимончи самолётларини йўқотди. Бу ядровий учлик тизимига қанчалик таъсир қилди? Энди Украинани бомбалашлар камаядими?

«Важние истории» нашри ҳарбий экспертлар билан вазиятни таҳлил қилиб чиқди.
Якшанба куни украин махсус хизматлари Россиянинг бир неча минтақасида операция ўтказди: юк машинасидан учирилган дронлар ҳарбий аэродромлардаги бомбардимончиларни нишонга олди.
Россия авиациясининг йўқотишлари жиддийми?
3 июн куни эрталаб Украина Қуролли Кучлари Бош штаби Украина хавфсизлик хизмати (СБУ)нинг «Паутина» («Ўргимчак тўри») операциясидан кейин илк бор Россия самолётлари йўқотишлари ҳақида янгиланган маълумотларни эълон қилди — рўйхатга яна 12 та самолёт қўшилди. Бу рақам 1 июндан бошлаб интернетда пайдо бўлган тасвирий материаллар билан мос келади.
2 июн кечасига келиб OSINT-аналитиклар қуйидагиларни қайд этди:
- Иркутск областидаги «Белая» ҳарбий авиабазасида: учта Ту-95МС самолёти йўқ қилинган ва биттаси шикастланган, битта Ту-22М3 йўқ қилинган. Учта Ту-22М3 ва бита Ту-95МС зарбага учраган, аммо уларга етказилган талафот қанчалик жиддий экани ҳозирча номаълум.
- Мурманск областидаги «Оленя» ҳарбий авиабазасида: тўртта Ту-95МС йўқ қилинган ва битта Ан-12 транспорт самолёти йўқ қилинган.
- Рязань ва Иваново областларидаги базаларда авиацион йўқотишлар ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.
- Амур вилоятидаги авиабазага дронлар ортилган юк машинаси, эҳтимол, етиб бормаган — у йўл четида портлаб кетган.





